Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ғазода италян фаол ўлимида айбланаётган Салафийлар кимлар?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Салафийларнинг бир гуруҳи жангарилик йўлини танлаган, иккинчиси эса соф Ислом амалларига риоя қилиб, тинч яшашни тарғиб қилишади.

Ғазода фаластинликлар ҳақ-ҳуқуқлари учун курашувчи италиялик фаолнинг ўлимида Салафийлар айбланмоқда.

Ўтган пайшанба куни ўғирлаб кетилган Витторио Арригони Ғазодаги уйида осиғлиқ ҳолда топилганди.

Ғазо бўлгасини назорат қиладиган "Ҳамас" исломий гуруҳи ал-Қоидадан руҳланган икки нафар Салафий қўлга олинганини айтмоқда.

"Ҳамас" ҳали икки йил олдин ҳам 25 нафар Салафийни ўлдирган эди. Ғарблик таҳлилчиларга кўра, Салафийлар ҳатто "Ҳамас"ни ҳам мўътадил Исломий гуруҳ сифатида билишади.

Салафийлар - соф исломий қонун-қоидалар бўйича яшашга интиладиган гуруҳ бўлиб, аксарият аъзолари Саудия Арабистонида истиқомат қилишади.

Аммо уларнинг тарафдорлари бугун араб дунёсидан ташқарида, мусулмон оламининг кўплаб мамлакатларида ҳам учрайди.

Хусусан, Ўзбекистонда ҳам Салафийлар вакиллари борлиги айтилади. Уларни ҳукумат Ваҳҳобийлар, деб атайди.

Бугунда бу гуруҳ тарафдорларининг кўпчилиги Ўзбекистонда таъқибда ва ё қамоқда.

Аммо Швециядаги исломшнуос Муҳаммадсолиҳ Абутовнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Салафийлар икки гуруҳга бўлинади.

"Бир гуруҳ Салафийлар ал-Қоида каби жангарилик йўлини танлаган, иккинчиси эса, аксар Саудия Арабистонида яшовчи тинч Салафийлар каби, ўз мамлакатидаги тузумга итоат қилиб, осойишта яшашни истайди" - дейди Муҳаммадсолиҳ Абутов.

Унинг билдиришича, Ўзбекистон мустақилликка эришиши ортидан бошланган Исломга қайтиш жараёнида айрим инсонлар соф диний амалларни ўрганиб, уларга одат қилиш йўлини танлаганлар.

"Ўзбекистондаги Салафийлар жангари эмас, улар тузумга итоатгўй ҳолда яшашни истовчи тинч қанот вакилларидир" - дейди таҳлилчи.

Бугунда бу икки қанотни бирлаштириб турган умумийлик эса икки тарафнинг ҳам Исломдаги илк салафлар босиб ўтган ҳаёт йўли ва урф-одатларини танлашганидир.

Бироқ, кейинчалик, динни ўқиб-ўрганиш жараёнида айрим Салафийлар тинч ҳаёт кечиришни Яратганнинг иродаси сифатида қабул қилишган бўлса, баъзилари Ислом дини ва уммати учун кураш йўлини жанг ва жиҳодда, деб билишган.

Италиялик фаолни ўлдирган шахсларни "Ҳамас" гуруҳи ал-Қоидадан таъсирланган жангари Салафийлар, деб атамоқда. Аммо Салафийликнинг тинч қанот вакиллари бегуноҳ одам қонини тўкишни ўз эътиқодларига зид амал, деб кўришади.