Афғон армиясига базасига уюштирилган худкушлик ҳужумида ўн аскар ҳалок бўлган

Расмийларга кўра, Афғонистон шарқидаги худкушлик ҳужумида беш хорижий аскар ва беш Афғонистон армияси ҳарбийси ҳалок бўлган.

Афғонистон Мудофаа вазирлигидан хабар беришларича, Афғон армияси ҳарбийси кийимни кийиб олган Толибон худкуш ҳужумчиси Жалолобод шаҳри яқинидаги армия базасида ўзини ўзи портлатиб юборган.

Афғонистондаги коалиция кучлари беш хорижий аскарнинг ҳалок бўлганини тасдиқлаганлар, бироқ уларнинг қайси мамлакатлар фуқаролари экани борасидаги тафсилот ошкор этилмаган.

Коалициядан билдиришларича, портлаш оқибатида тўрт Афғон аскари ва тўрт таржимон яраланган.

Бир ҳужумда бунча сондаги хорижий аскар қурбон бўлиши яқин ойларда Афғонистонда кузатилмаган.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан эрталабки соат 7.30 да рўй берган.

Худкуш ҳужумчи ҳарбий база дарвозасига яқинлашган ва ўзини портлатган.

Ҳужум учун Толибон масъулиятни ўз зиммасига олган.

Толибонга кўра, ҳужумчи Афғон армияси сафига сингдирилган ва камида бир ой армияда хизмат қилган.

Толибон сўзчиси Забиҳуллоҳ Мужоҳид электрон мактуб орқали ҳужумни ўзлари уюштирганликларини тан олган, унга кўра, "бугун Афғон ва хорижий аскарлар учрашаётган кунда ҳужумни амалга ошириш имкониятидан фойдаланган".

Бироқ Афғон расмийлари буни рад этганлар.

Уларга кўра, худкуш ҳужумчи Афғон армияси ҳарбий кийимини кийган шахс бўлган, аскар сифатида армияда хизмат қилмаган.

Ушбу ҳужум Толибон исёнкорлари содир этгани айтилаётган охирги кунлардаги учинчи ҳужум бўлган.

Жума куни Қандаҳор шаҳар полиция идорасида уюштирилган худкушлик ҳужумида собиқ мужоҳид жангчи - Қандаҳор вилоят полициясининг раҳбари Хон Муҳаммад Мужоҳид ҳалок бўлган.

Бундан олдин ҳам Хон Муҳаммад Мужоҳид ҳаётига икки марта суиқасд қилинган, у бу ҳужумлардан омон қолган эди.

Сўнгги икки ҳужумнинг Афғон расмийлари кийимларини кийган шахсларнинг содир этгани хабар қилинган.