'Қаддофий кучлари Мисратада сочма бомбаларни қўлламоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Human Rights Watch

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Human Rights Watch Ливиядаги ҳукуматпараст кучларни исёнкорларга қарши жангларда сочма бомбаларни ишга солаётганликда айблади.

Сочма бомбалар дунёдаги 100 дан ортиқ мамлакатда тақиқланган.

Human Rights Watch ташкилоти ўзининг фотосуратчиларидан бири Мисрата шаҳрининг аҳоли истиқомат қиладиган мавзеъларидан бири устида сочма бомбалар портлаганини кўрганини айтган.

Human Rights Watch эълон қилган ахборотда сочма бомбанинг MAT-120 деб номланган бомба экани айтилган.

120 миллиметрлик снаряд отилганидан кейин ҳавода очилади ва ундан яна 21 та кичик бомба атрофга ёйилади.

Мисрата Ливия ғарбидаги исёнкорлар қўл остида бўлган ягона шаҳардир ва Қаддофийга содиқ кучлар бандаргоҳ шаҳарни қуруқлик тарафдан қамалда ушлаб турипти.

Ҳукуматпараст кучлар охирги кунларда Мисратани қўлга киритиш мақсадидаги ҳужумларини кучайтирмоқдалар.

Шаҳар сочма бомбалар билан бирга СССР даврида ишлаб чиқарилган "Град" ракета тизимидан отилган ракеталар билан бомбардимонга тутилмоқда.

Бир вақтнинг ўзида бир неча ракета отадиган "Град" тизими охирги кунларда бир қанча тинч фуқаролар ўлимига сабаб бўлгани хабар қилинган.

Хусусан, бир портлашда нон сотиб олиш учун навбатда турган саккиз киши ҳалок бўлган.

Ливия ҳукумати Human Rights Watch айбловини рад этди.

Бир кун илгари денгиз тарафдан Мисрата шаҳрига кириб боришга муваффақ бўлган Би-би-си мухбири Олга Гуэрин шаҳарликлар ваҳима ичида яшаётганларини, Мисрата шифохонаси ярадорларга тўлиб-тошганининг гувоҳи бўлганини айтган.

"Агар НАТО ҳаво кучлари Қаддофий кучларининг қамалини барбод қилмаса, улар маҳаллий аҳолини қатлиом қилиши мумкинлигидан қўрқмоқдалар мисраталиклар", дейди Би-би-си мухбири.

16 апрел шанба тонгида Қаддофий кучлари Мисрата шаҳрини бомбалашни қайта бошлаганлар.

Исёнкорларнинг вакиллари айтишларича, шаҳарга камида 100 та "Град" ракетаси отилган.

Исёнкорлар сўзларига кўра, ҳукуматпараст кучлар асосоан Мисратанинг саноат корхоналари жойлашган ҳудудини нишонга олган.

Бу ҳудуд Мисрата бандаргоҳига яқин ҳисобланади.