Кўпроқ бозор-учар қилинг, соғлом бўласиз, қандай қилиб дейсизми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Умрингизни узайтирмоқчимисиз, дўкону бозорга чиқинг. Буни 65 ёшдан ошган тайванликлар орасида олиб борилган янги тақдиқот натижалари кўрсатган.

Шунинг учун ҳам мақоланинг уёғини ўқишда давом этинг:

Ўз тадқиқот натижаларини Journal of Epidemiology&Community Health нашрида эълон қилган муаллифларга кўра, бозор-учарга чиқсангиз, янги одамларни учратасиз, оёқларингизнинг чигилини ёзасиз ва уйдагидек ўтирволиб, кўзингиз тушган ҳамма нарсани ҳам паққос туширавермайсиз.

Шунинг учун ҳам, тадқиқотчиларнинг урғулашларича, эй, бозоринг бошингда қолсин, дейдиганлардан кўра, аёл бўладими ёки эркак, бозор-учарга ўчлари кўпроқ умр кечиришаркан.

Буёғи яна британиялик олимлар ҳам хорижлик ҳамкасбларининг хулосаларига қўшилиб турган бўлишса...

Уларга кўра ҳам, ул-бул харид қилиш кишини жисмонан фаоллаштиради, яна бир дона нон сотиб олсангиз ҳам, кармонингиздаги пулингизни санашга тўғри келмайдими, ақлингизни ҳам анча-мунча ишлатишингизга тўғри келади.

Бундан ташқари, таниш-билишни учратиб қолсангиз, бу ҳам кўнгилни ёзишнинг яна бир имконияти!

Сўнгги тадқиқот эса, Тайванда, 65 ёшдан ошган икки мингга яқин киши орасида олиб борилган.

Бошқа томондан, мутахассисларга кўра, савдо-сотиққа ўчлик кишининг жисмонан кучли эканига ҳам далолат қилади.

"Бозор-учар қилишни спортнинг бирор бир тури билан шуғулланишга қиёслайдиган бўлсангиз, бозорма-бозор, дўконма-дўкон юриш сиздан муайян бир шарт-шароит ёки махсус йўриқчингиз бўлишини талаб этмайди. Шундай экан, умрни узайтиришнинг бундан осон йўли борми," дейишади улар.

Чўнтагингизнинг қанчалар бақувват экани ва бунинг руҳиятингизга таъсири эса, алоҳида ўрганишни талаб этадиган мавзу кўринади, нима дедингиз?