Британиянинг ортидан Франса ҳам Ливияга ҳарбийларни йўлламоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Британ ва франсуз ҳарбийлари исёнчиларга маслаҳат бериши айтилади

Франса Ливиядаги исёнчиларни қўллаб-қувватлаш учун ҳарбий маслаҳатчиларнинг кичик бир гуруҳини юборишини айтган.

Франсуз ҳукумати сўзчиси Франсуа Баруага кўра, Ливияга юбориладиган ҳарбийлар мухолифатнинг Миллий ўтиш даври кенгаши билан тинч аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш йўлида иш олиб боради.

Аввалроқ Франсанинг етакчи сиёсатчиларидан бири Ливияга Натонинг ҳаво ҳужумларини мувофиқлаштириш учун франус махсус кучларини юборишни таклиф қилган эди.

Аксел Пониятовский иттифоқчилар Ливия тупроғига оёқ босмас экан, Натонинг амалиёти иш бермаслиги ҳақида огоҳлантирган.

БМТнинг Ливиядаги фуқароларни ҳимоя қилиш учун куч қўллашга изн берувчи резолюцияси "ишғолчи куч"ни тақиқлайди.

Сешанба куни Буюк Британия Ливиянинг Бинғози минтақасига ўз ҳарбийларидан иборат гуруҳни юбориш режасини тасдиқлаган эди.

Би-би-сининг тушунишича, Ливияга 10 га яқин британ ва шунча сондаги франсуз ҳарбийлари юборилади.

Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хэйг ҳарбий маслаҳатчиларни юбориш режаси БМТ резолюциясига зид эмаслигини айтган.

Ливиянинг огоҳи

Айни пайтда Ливия Ташқи ишлар вазирлиги Муаммар Қаддофийга қарши жанг қилаётган исёнчиларга маслаҳат бериш учун ҳарбий гуруҳ йўллаш режаси мамлакатда тинчлик ўрнатиш истиқболларига зарар етказишини айтган.

Би-би-си билан суҳбатда Абдул Ати ал-Убайдий Бинғозида Британиянинг ҳарбий иштироки жангларни "узайтириши" ҳақида огоҳлантирган.

Ливия мулозими Африка Иттифоқининг тинчлик режасида назарда тутилгани каби, жанг қилаётган томонлар орасида ўт очишни тўхтатиш ва БМТ кузатуви остида олти ой мобайнида сайловларга тайёрланишни таклиф этган.

"Бизнинг фикримизча, ҳар қандай ҳарбий иштирок орқага қўйилган қадамдир. Биз аминмизки, агар бомбалаш тўхтатилиб, оташкесим эълон қилинса, биз, барча ливияликлар, ўз орамизда ким нимани хоҳлаши, демократия, сиёсий ислоҳотлар, конституция, сайловлар борасида мулоқот олиб бора оламиз. Ҳозир буни амалга ошириб бўлмайди", - деган Ливия расмийси.

У сайловлар кун тартибига ливияликлар истаган барча масалалар, жумладан, полковник Қаддофийнинг келажаги масаласи ҳам киритилиши мумкинлигини айтган.

Айни пайтда Бирлашган Миллатлар Ливияда инсонпарварлик амалиётини кучайтирган.

БМТ шунингдек, Яманда ҳам намойишчилар ва ҳукумат ўртасида мулоқот олиб боришга чақирган.

Ямандан келаётган хабарларга кўра, чоршанба куни Президент Али Абдуллоҳ Солиҳга қарши давом этаётган намойишларда икки киши ҳалок бўлган, яна бир неча киши яраланган.