Сурия "қуролли ғалаён"га тоқат қилинмаслигини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Намойишчилар тинч ҳолда норозилик билдиришаётганини айтишмоқда

Сурия ҳукумати мамлакатдаги учинчи энг йирик шаҳар бўлмиш Ҳомс ва шимолдаги Банияс шаҳридаги тартибсизликлар қуролли исён эканини айтган.

Бу огоҳлантириш душанба куни минглаб намойишчилар Ҳомснинг марказини эгаллаб олиб президент ағдарилмагунча кетмасликларини айтишлари ортидан янгради.

Гувоҳларга кўра, хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўт очишган. Баъзи хабарларга кўра, майдон намойишчилардан тозаланган.

Инсон ҳақлари фаоллари бир неча ҳафтадирки давом этаётган ғалаёнларда 200 суриялик ҳалок бўлганини айтишмоқда.

Шанба куни Президент Башар ал Ассад деярли ярим асрдан бери амалда бўлган фавқулодда қонунларни келгуси ҳафта бекор қилишини эълон этди. Ҳукумат намойишчилар талабларига биноан сиёсий маҳбусларни озод эта бошлаган.

Бироқ, қўшни Ливан пойтахти Бейрутдан хабар қилган Би-би-си мухбири Ким Ғаттаснинг айтишича, Сурияда бу каби мисли кўрилмаган намойиш ҳеч сўнадиган кўринмайди.

Душанба куни Сурия Ички Ишлар Вазирлиги чиқарган баёнотда шундай дейилади: "Бўлиб ўтган воқеалардан аён бўлдики, бу айниқса Ҳомс ва Баниясдаги Салафий ташкилотларга тегишли қуролли гуруҳларнинг исёни."

Баёнот "уларнинг террорчи амалларига тоқат қилинмайди" дейди.

Салафийлик сунний Исломнинг қаттиққўл оқими бўлиб, кўп араб ҳукуматлари уни ал Қоида каби жангари гуруҳларга боғлайди.

Мухбиримизнинг айтишича, ҳукуматлар террорчиларга қарши кураш баҳонаси билан ҳар қандай норозиликни ўчиришга уринишади.

Душанба куни Ҳомснинг Соат майдонига камида беш минг одам йиғилди. Улар дам олиш кунларида хавфсизлик кучлари ўқларидан нобуд бўлган 12 нафар намойишчининг оммавий дафн маросимларида иштирок этишди.

"Майдон тозаланган"

Майдон атрофида назорат нуқталари барпо қилинган. Мақсад майдонга келаётган одамлар қуролсиз оддий фуқаролар эканини таъминлаш эди. Намойишчилар ўзлари билан озиқ-овқат олиб келишган.

Бир намойишчининг айтишича, Соат майдонининг номи Мисрда Президент Ҳусни Муборакни ағдарган ғалаён маркази бўлган Қоҳирадаги Таҳрир Майдонига ўзгартирилган.

Гувоҳлар хавфсизлик кучлари уларга аввало овоз кучайтиргичлардан майдонни ташлаб кетишни айтгани, сўнгра кўзни ёшлантирувчи газ ва ўқлар ота бошлаганини билдиришди.

Умар исмли бир намойишчи сешанба тонгида отишмалар овози остида Би-би-сининг араб хизматига гапирган.

У бир одам ўлдирилганига гувоҳ бўлгани, ва ўқлар қандайдир қуролли гуруҳлар эмас, балки хавфсизлик кучлари томонидан отилаётганига ишончи комил эканини айтди.

"Мен Холид бин Волид масжидига яқин турибман. Отишмага қулоқ солинг, эшитаяпсизми? Ўқлар устимизга ёмғирдек ёғаяпти. Хавфсизлик кучлари бу... Қулоқ солинг, қаердан келаяпти бу ўқлар? Бу каби тўхтамсиз отишма безорилардан чиқмайди. Хавфсизлик кучлари Соат майдонида қайта йиғилишди ва ярим соат аввал намойишчиларга қарши юра бошлашди", - дейди у.

Пойтахт Дамашқда фаолият юритувчи бир ҳуқуқшунос AFP хабар агентлигига "Намойиш куч билан тарқатилди. Қаттиқ отишма бўлиб ўтди", деб айтган.

Суриянинг расмий Сана хабар агентлиги ҳам Ҳомсдаги воқеалар ҳақида ўз версиясини тарқатмоқда.

У якшанба куни "қуролли жиноятчи бандитлар" уч армия зобитини, жумладан бир генерал ва унинг икки ўғлини ўлдириб, уларнинг жасадларини бўлиб-бўлиб ташлаганини айтди.

Шимолдаги Банияс шаҳри ҳам якашанба куни аксилҳукумат намойишлар саҳнасига айланган.

Жаноб Ассаднинг Баас партиясига қарши намойишлар март ўртасида жанубдаги Дара шаҳрида бошланиши ортидан бошқа шаҳарларга ҳам тарқалган.

Суриядаги ғалаёнлар президент ўз отаси Ҳофиз ал Ассаддан ҳукмронликни 11 йил аввал мерос қилиб олишидан бери юзага келган энг йирик нотинчлик бўлмоқда.