Россия миграция воизи оқ ирқ ҳақидаги баёноти ортидан бўшатилди

Image caption Россияга муҳожирлар оқими, хусусан марказий осиёлик мардикорлар келиши давом этар экан, радикал ирқчи гуруҳлар ҳам фаоллашган

Би-би-си билан суҳбатида оқ ирқ таҳдид остида эканини айтган Россия Федерал Миграция Хизматининг матбуот котиби Константин Полторанин лавозимидан четлатилган.

Можаро Кремлнинг норозилигига сабаб бўлган: Россия хабар агентликлари президент маъмуриятининг иқтибос келтириб ёзишларича, "бу Федерал Миграция Хизматини томонидан қилинган мантиқий ва зарур қадам бўлган".

"Ахир оқ ирқнинг омон қолиши масаласи кўндаланг турибди, ва Россияда бу масала айниқса чуқурроқ сезилади", - деб айтган Полторанин чоршанба куни эфирга узатилган телевизион интервьюсида.

Константин Полтораниннинг Би-би-си рус хизматига берган видеоинтервьюси

Шу куннинг ўзиёқ Федерал Миграция Хизмати 2005 йилдан бери матбуот котиби лавозимида бўлган Константин Полторанин ишдан четлатилганини эълон қилди.

Полтораниннинг ўзи "Эхо Москвы" радиостанцияси билан суҳбатда ўзининг бўшатилиши ҳақидаги қарор айнан Би-би-сига берган видеоинтервьюси туфайли қабул қилинганини тасдиқлади.

У, шунингдек, ўз баёнотлари ирқчи мазмунга эга эмаслигини айтди.

Кейинроқ, ФМХ раиси Константин Ромодановский Полтораниннинг четлатилиши миллатлараро алоқалар борасида қилган баёнотлари туфайли юз берганини билдирди.

"Россия Федерациясининг ҳар қандай давлат хизматчиси, унинг устига Федерал Миграция Хизматидаги раҳбарнинг бу каби шархлар билан чиқиши номақбул", - деб айтган Ромодановский Интерфакс хабар агентлигига.

"Қон аралашуви"

Image caption Баъзи блоггерлар давлат расмийсининг оқ ирқ ҳақидаги баёнотини фашистлар нутқига қиёслашган

Би-би-си билан суҳбатида Полторанин Ғарбий Оврўпо давлатларидаги муҳожирлик қонунларини тушунмаслигини айтган. Унинг айтишича, у ерда Африка ва Яқин Шарқдан муҳожирлар келиши рағбатлантирилади.

Унинг фикрида, Россияда вазият бошқача бўлиши керак. "Шундай вазият яратиш керакки, қонлар аралашуви тўғри режимда олиб борилиши керак", - деб айтган собиқ матбуот воизи.

Би-би-си Пермь вилоятидаги муҳожирлар марказидаги ҳолат туфайли ФМХга мурожаат қилганди.

Россиядан сиёсий бошпана сўраган одамлар ўта абгор шароитларда яшашади ва миграция ходимларининг қўпол ва бепарво муносабатига юз тутишади.

Интервью чоғида Полторанин Би-би-сига ўз идорасининг мавқеини батафсил изоҳлаб берган. Унинг сўзларига кўра, бошпана сўраганларнинг аксари Россия Оврўпога ўтиш йўлидаги атиги бир транзит нуқтаси деб кўришади ва Россия жамиятига қўшилиш ниятида эмаслар.

Унинг оқ ирқ борасидаги сўзлари Би-би-си муҳбирининг охирги саволига берган жавобида янграган. Мухбир суҳбатдоши ўзи истаган яна нималарни қўшимча қилиш нияти борлиги ҳақида сўраганда, Полторанин ўзининг мубоҳасали фикрини баён қилган.

Таҳлилчилар бу каби баёнот ирқчилик нафақат оддий россияликлар орасида, балки полиция ва ҳукумат идоралари ходимлари ичида кенг тарқалганидан дарак бериши ҳақида ёзишмоқда.

Айни дамда, ижтимоий мулоқот сайтларида фикр билдираётган кўп россияликлар Полторанин аксар россияликларнинг қарашини очиқча баён қилди дейишмоқда.