Сўров: Россияда Путин ва Медведевнинг обрўси тушишда давом этмоқда

Россияда апрел ойида турли хил ташкилотлар томонидан ўтказилган сўров натижаларининг барчаси аҳолининг мамлакат ҳукумати, бошқарувдаги партияга хайрихоҳлиги камайиб кетаётгани ва улар орасида норозилик ҳисси кучайиб бораётганини кўрсатган.

Сўров қатнашчиларининг ҳар тўрттасидан биттаси 2012 йилги президентлик сайловларида на-да Путин ва на-да Медведевни номзод сифатида кўришни истамасликларини билдиришган.

Фикрлари сўралганларнинг ҳар бешинчиси эса, ўз норозилигини изҳор этиш учун намойишга чиқишга тайёр эканини баён қилган.

Шу кунларда "Ижтимоий фикр" жамғармаси томонидан ўтказилган сўров натижаларидан аён бўлишича, Россияда президент Медведевга ишонадиганларнинг сони 46 фоизга тушиб кетган.

Бу эса, жаноб Медведев қудратга келган 2008 йилдан буёнги энг паст кўрсаткичдир. Ўтган йилнинг октябр ойида бу кўрсаткич 57 фоизни ташкил этган. Агар рақамларга қаралса, ўшандан буён президентга ишонмайдиганларнинг сони 13 фоиздан 20 фоизга ортиб кетган.

Сўнгги сўровлар натижаларига қаралса, худди шу тариқа Россия аҳолисининг Бош вазир Владимир Путинга ҳам ишончи пасайиб бормоқда.

Дейлик, бундан олти ой аввал жаноб Путинга ишонувчиларнинг сони 63 фоиз бўлган бўлса, бугунга келиб ушбу кўрсаткич нақ 10 фоизга тушиб кетган. Бу каби паст кўрсаткич эса, 2005 йилдан буён кузатилмаган.

Россиядаги аҳволни қандай баҳолайсиз?

"Левада" марказининг худди шу мазмундаги саволига салбий ва ижобий жавоб берганларнинг сони деярли тенг бўлган.

Сўров иштирокчиларининг 43 фоизига кўра, Россияда ҳамма нарса кўнгилдагидек бормоқда. Аммо, шу билан бир вақтнинг ўзида, қарийб шунча фоизга яқин россияликнинг наздида мамлакатлари нотўғри йўлдан бормоқда.

Агар сўнгги сўров натижалари таҳлил этилса, Россияда жорий ҳукумат олиб бораётган сиёсатга шубҳа билан қаровчиларнинг сони ортиб бормоқда. Чунки бор-йўғи ярим йил аввал бундай кайфиятда бўлган инсонларнинг сони 30 фоизга ҳам етмаган.

Бундан ташқари, сўралганларнинг бор-йўғи 27 фоизи жаноб Путин бошчилигидаги ҳукумат тез орада Россиядаги аҳволни яхши томонга ўзгартира олишига ишонишаркан, холос. Қолганлар эса, бунга у ёки бу даражада шубҳа билан қарашаркан.

"2012 йилги президентлик сайловларида кимни номзод сифатида кўришни истайсиз?"- деган саволга эса, иштирокчиларнинг 18 фоизи Медведев, 27 фоизи Путиннинг номини тилга олишган. Лекин бу гал ҳам ҳар тўрт қатнашчидан биттаси улардан ҳеч бирини номзод сифатида кўриш истаклари йўқлигини айтишган.

Бошқарувдаги "Ягона Россия" партиясига хайрихоҳ бўлганларнинг сони ҳам 50 дан 43 фоизга тушиб кетган. Социологларга кўра, партия ҳеч қачон аҳолининг "ишонч кўрсаткичи"да бу каби хавфли нуқтага етиб бормаган.

Норозилик туйғуси

Социологларга кўра, аҳоли орасида норозилик туйғуси ҳам кучайиб бормоқда.

Улар авваллари намойишга чиқишга бирор ҳожат кўрмайдиганларнинг сони ўз норозиликларини изҳор этиш кайфиятида бўлганларни босиб кетган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида вазият буткул ўзгарганини айтишади.

Янги сўров натижаларидан аён бўлишича, сўнгги ҳафталарда намойишга чиқиш истагида бўлган россияликларнинг сони ортиб бормоқда. Улар буни энг муҳим маҳсулотлар қийматларининг кўтарилиб бораётгани билан боғлаб изоҳлашган.

Агар рақамларга қаралса, аҳолининг 39 фоизи норозилик акциясида иштирок этишга тайёр. Ҳар бештадан биттаси эса, намойишлар шу якшанба куни уюштирилса ҳам, кўчага чиқаман, дейдиган кайфиятда экан.