Россияда сохта никоҳдан ўтган муҳожирлар сони ортиб бормоқда

Ўзбек меҳнат муҳожирлари
Image caption Меҳнат муҳожирлари орасида россиялик аёлларга уйланиш ҳоллари кўпайиб бормоқда

Россия Федерал миграция хизмати хорижий фуқаролар орасида сохта никоҳлар кўпайиб бораётганидан ташвиш билдирган.

Миграция идорасига кўра, Россияда ўтган бир йил ичида сохта никоҳ қурганлар сони бир неча ўн мингни ташкил этган.

Москвадаги фуқаровий никоҳларни қайдга олиш идораларига кўра, асосан Украина, Тожикистон, Озарбайжон, Арманистон ва Ўзбекистон фуқаролари орасида рус аёлларига "уйланиш" ҳоллари кенг тарқалган.

Россия фуқаросига уйланиш хорижликларга миграция қайтидан ўтиш ва Россия фуқаролигини олишда қулайликлар яратади.

Апрел ойи ўрталарида Калуга вилояти маҳкамаси маҳалий аёллар ва Тожикистон фуқаролари ўртасидаги бир неча никоҳни бекор қилди.

Маҳкамага кўра, аёллар 600 АҚШ доллари эвазига тожик йигитлари билан никоҳдан ўтганлар.

Муҳожир- куёвларнинг ёши рус аёллариникидан анча кичик бўлган.

Москвадаги "Миграция ва қонун" марказининг эксперти Юлдуз Аминованинг айтишича, Россияда қайтдан ўтиш, иш рухсатномасини олиш ўта мушкул ва қиммат бўлгани сабабли муҳожирлар сохта никоҳдан ўтиш йўлларини излашади.

"Атроф минтақаларда сохта никоҳларнинг ўртача нархи 20-25 минг рубл, яъни тахминан минг долларга тўғри келади. Минг долларга сохта никоҳ қилиш муҳожирларга қайддан ўтишдан кўра арзонроққа тушади. Аммо Москва ёки Санкт-Петербургда рус аёллари бундай маблағ эвазига сохта никоҳ қилишга рози бўлишмайди," дейди Юлдуз Аминова.

Санкт-Петербургда чоп этиладиган "Петербург Уз" номли газета таъсисчиси Равшан Қурбоновнинг айтишича, никоҳдан ўтиш Россия фуқаролигини олишда муҳим рол ўйнамаса-да, фуқаролик олиш жараёнини осонлаштиради.

"Аввал яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатни олгандан кейин муҳожирлар бир йил ичида Россия фуқаролигини олишга қонунан ҳақли эдилар. Россия Миграция хизмати бу тартибни буткул бекор қилди. Лекин, ҳозир ҳам фуқаролик олишда Россия фуқаросига уйланган бўлсангиз, енгилликлар бўлади," дейди Равшан Қурбонов.

Пасспорт эвазига никоҳ

Русийзабон интернет веб саҳифалари "Россия фуқаролигини олиш учун уйланишга тайёрман", деган эълонларга тўлиб кетган.

Сохта никоҳ нархлари эса 700 доллардан 5000 долалрага қадар.

Юлдуз Аминова фикрича, хорижликлар бундай эълонларга ишонмасликлари ва эҳтиёт бўлишлари керак.

"Сохта турмуш қураётган аёллар орасида ҳам уюшган жиноятчилар сафига қўшилганлар талайгина. Улар аввалига турмуш қуришадида, эртасига ажралиш аризасини ёзишга мажбурлашади. Муҳожирлар даъво қилишса, мамлакатдан мажбуран чиқариб юборишлари мумкин,"

дейди Юлдуз Аминова.

Марказий осиёликлар орасида Қирғизистонликлар учун Россия фуқаролигини олиш бир қадар осон.

Белорус ва Қозоғистон фуқаролари қатори қирғизистонликлар ҳам Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш ҳуқуқига эга.

Иложсизлик

Ўшлик Гулчеҳра яқинда Россия фуқаролигини олган муҳожирлардан биридир.

"Қирғизистонлик ўзбекларнинг 80% аллақачон Россияда юришибди. Қирғизистонда ҳозирам тинч қўйишмаяпти экан бизникиларни. Энди, иложи йўқ, шу ишни қилишаяптида. Улар сохта никоҳдан кўра қонуний йўллар билан паспорт олишга ҳаракат қилишаяпти. Бола-чақасини ташлаб келганлар қанча. Шу ердан рус хотинларни олишаяптида. Илож йўқ," дейди ўшлик Гулчеҳра.

Гулчеҳра ўзбек қизлари орасида сохта никоҳ қуришга ҳаракат қилаётганлар озчиликни ташкил этишини айтади.

"Жуда қийналишса, масжидлардан ёрдам олишаяпти, иш топишаяпти. Иш бўлмаса қийналишади," дейди Гулчеҳра.

У Россияда макон қурмаслиги, Ўзбекистонга бориш ниятида Россия паспортини олишга мажбур бўлганини қўшимча қилади.

Айни вақтда қатор экспертларга кўра, Россиядаги энг жиддий муаммолардан бири - аҳоли сонининг қисқариб бораётганидир. Улар демография бўҳронини ҳал этишда муҳожирлар "ҳаводек зарур" эканлини урғулашади.

Яқинда эълон этилган расмий ҳисобот бўйича, Россия аҳолиси сўнгги 8 йил ичида 2.2 миллионга қисқарган.