Сурия инқирози: хавфсизлик кучлари дафн маросими иштирокчиларини ҳам ўққа тутишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Суриядан келаётган сўнгги хабарларда айтилишича, хавфсизлик кучлари кеча ўлдирилган ўнлаб аксилҳукумат намойишчиларининг дафн маросимларида иштирок этаётган инсонларни ҳам ўққа тутишган.

Оқибатда пойтахт Дамашқ сарҳадларида камида уч киши қурбон бўлган, жанубий Дара шаҳрида яқинида ҳам яна беш инсон нобуд бўлган.

Бугунги дафн маросимларига ўн минглаб кишилар йиғилишган.

Сурия хавфсизлик кучлари қандай бўлмасин намойишларга чек қўйишга аҳд қилган кўринишади.

Суриялик масъулларнинг намойишчиларга қарши куч қўллаш қарори кескин халқаро акс-садоларга сабаб бўлмоқда.

"Шафқатсиз куч қўлланган"

Жума кунги зўравонликлар ортидан АҚШ Президенти Барак Обама расмий Дамашқни намойишчиларга қарши "шафқатсиз" куч қўллаш ва бутун мамлакат бўйлаб кузатилаётган норозиликларни бостириш учун Эрондан кўмак сўрашда айблади.

Президент Обама Сурияда етмишдан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган жума кунги зўравонликларни кескин қоралашини айтди.

Америка раҳбарига кўра, президент Башар ал-Ассад намойишчиларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишдан бош тортиб, иттифоқчиси Эрон қўллаган усулни ишга солган.

Сурияда норозилик чиқишлари беш ҳафтадан буён давом этаётган бўлса, шу пайтга қадар жума кунгидек инсоний талофатлар кузатилмаган.

Аммо АҚШ президенти ўз баёнотида, "намойишчиларни тарқатиш учун шафқатсиз равишда куч қўллашни бас қилишни" сўраган.

Кескин мавқе

Сурия Исроил билан тинчлик жараёнига қарши бўлган Эрон, Ливаннинг "Ҳизбуллоҳ" гуруҳи, Ғазо бўлгасини назорат этувчи "Ҳамас" ҳаракати ва бошқа радикал Фаластин гуруҳларидан иборат иттифоқнинг муҳим қисми сифатида кўрилади.

АҚШ Сурияни "Террорчиликни молиялаётган" давлатлар сирасига киритиб, аллақачон жазо чораларини ҳам ишга солган.

Мухбиримиз Стив Кингстоннинг хабар беришича, ҳозир Вашингтондаги айрим сиёсатчилар Сурияга нисбатан кескинроқ мавқе тутишни талаб этишмоқда.

Уларнинг ишонишларича, агар президент Ассад ҳокимияти қулайдиган бўлса, АҚШ бундан фойда кўриши мумкин. Чунки, уларнинг наздларида, Сурия Эроннинг энг муҳим иттифоқчиларидан биридир.

Президент Башар ал-Ассаднинг фавқулодда вазиятга оид қонунларни бекор қилишидан кун ўтиб юз берган қонли зўравонликлар халқаро миқёсда ҳам кескин акс-садоларга сабаб бўлмоқда.

Бирлашган Миллатлар Бош котиби Пан Ги Мун намойишчиларнинг ўлими юзасидан мустақил тергов олиб боришга чақириб, Сурия ўз фуқароларининг тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини ҳурмат қилиши шартлигини айтган.

Франция юз берган ҳодисадан "ниҳоятда хавотирда" эканини айтиб, зўравонликларни қоралашини билдирган.

"Содир этилган жиноятга ойдинлик киритилиши, жавобгарлар аниқланиши ва ҳибсга олиниб, маҳкамага тортилиши лозим," деб баён қилган Франция Ташқи ишлар вазирлиги.

Вазирлик воизининг таъкидлашича, суриялик масъуллар ўз фуқароларига қарши куч қўллашдан тийилишлари керак.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари ва шоҳидларнинг айтишларича, инсоний талофатларнинг аксарияти жанубий Дара шаҳри яқинидаги қишлоқ ва пойтахт Дамашқ сарҳадларида кузатилган.

Видеолавҳалардан намойишчиларнинг отишмалар остида қочишга уринаётганликларини кўриш мумкин бўлган.

Расмий Дамашқ нима дейди?

Сурия давлат ахборот агентлигининг хабар беришича эса, хавфсизлик кучлари тўқнашувларнинг олдини олиш учун кеча фақат кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланишган, холос. Ва юз берган зўравонликларга жиноий гуруҳлар айбдордирлар.

Агентлик ҳарбийлар жума куни намойишларнинг куч билан бостирилгани акс этган сохта видеолавҳалар олинган рақамли видео камерани топиб олганликларини ҳам айтмоқда.

Сурия давлат ахборот агентлигининг билдиришича, сохта видеолавҳалар ишлаш учун жиноий гуруҳлар қон солинган бутилкаларни кўтариб олган бўлишган. Ва мамлакатнинг айрим вилоятларида бўлиб ўтган кичик сондаги намойишлар ва зўравонликлар ҳам қуролли жиноий гуруҳларнинг ишидир.

Аксилҳукумат намойишлари бошланган кундан буён илк бор қўшма баёнот билан чиққан ташкилотчи фаоллар эса, Сурияда демократик сиёсий тизим ўрнатилишини талаб этишган.

Мухбирлар президент Ассаднинг ён беришлари энди иш бермаслиги ва намойишчиларнинг кўнгилларини топиш учун ўта рамзий маъно касб этишини айтишмоқда.