Сўнгги янгиланиш 26 апрел 2011 - 12:53 GMT

Дунё Чернобил ҳалокатининг 25 йиллигини хотирламоқда

Украинада Чернобил атом электростанциясидаги ҳалокатнинг 25 йиллигини хотирлаш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Инсоният тарихидаги энг йирик дея кўрилган Чернобил ҳалокати 1986 йил 26-апрелда Киев вақти билан соат 01:23 да юз берганди.

Киевдаги Чернобил ёдгорлик мажмуасига Украина расмийлари ва ҳалокатни бартараф этишда қатнашганлар дохил 700 га яқин одам жам бўлди.

Кўпчилик қўлларида гул ва шам ушлаб туришарди.

Аксариятнинг ишонишича, Чернобил атом электростанцияси тўртинчи блокидаги ҳалокат омадсиз синов натижасида юз берган.

Тўртинчи энергоблокдаги портлаш (баъзи маълумотларга кўра, иккита портлаш) атом реакторини бутунлай вайрон қилган, йирик миқдорда радиоактив моддаларнинг тарқалишига сабаб бўлганди.

Портлашда камида 30 инсон ҳалок бўлди.

Нурланиш оқибатида дунёдан кўз юмган инсонлар сони борасида аниқ бир маълумот йўқ.

Чернобилдаги портлаш натижасида ҳавога Япониянинг Хиросима шаҳрига Қўшма Штатлар томонидан ташланган атом бомбасидан 400 марта кўп радиация тарқалган.

Радиацион ифлосланиш бутун Оврўпода кузатилган.

Чернобил атом электростанцияси атрофидаги 30 километрлик ҳудуддан 115 минг инсонни кўчирилган эса-да, Белорус, Украина ва Россиянинг йирик ҳудудлари ҳам радиациядан ифлосланган эди.

Чернобилга сафар

1986 йил 26 апрелига қадар дунё ўз хавфсизлиги ҳақида кўп қайғурмасди. Аммо мазкур санадан буён эртанги кунга ҳеч кимнинг ишончи комил эмас.

Украина Президенти Виктор Янукович

Хотирлаш маросимлари ҳалокатдан кейин буткул ҳувиллаб қолган Чернобилда ҳам бўлиб ўтмоқда.

Ҳалокат юз берган жойга Украина ва Россия президентлари Виктор Янукович ва Дмитрий Медведев сафар қилишган.

Кремл матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Янукович ва Медведев Чернобил марказида жойлашган "Звезда Полынь" музейига ҳам боришади.

Белорус Президенти Александр Лукашенко ҳам мамлакатининг радиациядан зиён кўрган ҳудудларига ташриф буюради.

Александр Лукашенко Чернобил атом электростанциясининг тўртинчи бўлимини янги саркофаг билан ўраш учун маблағ тўплаш мақсадида ўтказилган халқаро анжуманда иштирок этмаганди.

Чернобил ҳалокатидан бир неча ой ўтиб барпо этилган саркофаг муддати 2016 йилда тугайди.

Украина ҳукумати Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт банки билан бирга янги саркофагни 2015 йилгача қуриб битказишни мўлжалламоқда.

Саркофаг учун маблағ

Франсадаги намойиш

Франса ва Олмониядаги намойишчилар атом электростанцияларидан бутунлай воз кечишга чақирдилар

Чернобил атом электростанциясини бутунлай зарарсизлантириш учун Украинага яна камида бир миллиард доллар зарур эди, бироқ Киевда ўтган анжуманда донорлар зарурий маблағнинг фақат 75 фоизини қоплашга ваъда берганлар.

Аммо Украина ҳукумати тўпланган ёрдам янги саркофагни қуриш ишларини бошлаш учун етарли экани ва қолган маблағни келгуси бир ярим йил ичида тўплашга ишонч билдирган.

Чернобил ҳалокати Японияда юз берган табиий офат ортидан яна дунё диққат марказига айланди.

Ҳалокатли цунами ва зилзила натижасида Япониянинг "Фукусима-1" атом электростанцияси ишдан чиқди ва у ердан ҳам радиация нурлари тарқалмоқда.

"1986 йил 26 апрелига қадар дунё ўз хавфсизлиги ҳақида кўп қайғурмасди. Аммо мазкур санадан буён эртанги кунга ҳеч кимнинг ишончи комил эмас. Япониянинг "Фукусима-1" атом электростанциясида юз берган ҳодиса ҳам ушбу аччиқ ҳақиқатни яна бир марта эслатди, холос", - деб айтди Украина Президенти Виктор Янукович.

Япония ҳукумати вакили Юкио Эдано сешанба куни "Фукусима-1" ва Чернобил атом электростанцияларидаги ҳалокатлар бир бирига ўхшамаслигини айтди.

"Бу икки ҳодиса табиатан бир-биридан фарқ қиилиши аниқ. Сизиб чиққан радиоактив модда миқдори Чернобилдагидан ўнлаб марта оз. Биз реакторда портлашларнинг олдини олишга муваффақ бўлдик", - деб таъкидлади у.

Душанба куни Франса ва Олмонияда минглаб одамлар норозилик намойиши ўтказиб, ядровий энергиялардан фойдаланишдан воз кечишни талаб қилдилар.

Айни дамда Ҳиндистон ҳукумати янги атом электростанциясини қуриш режаланган жойда хавфсизлик чораларини кучайтирган. Ҳиндистондаги атроф-муҳитни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ушбу жойда норозилик намойишларини ўтказиш ниятидалар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.