Шаҳарда маконлашган қушларнинг мияси нега катта? - тадқиқот хулосалари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Олимларнинг айтишларича, шаҳарда макон қурган қушларнинг мияси қишлоқни хуш кўрувчи турдошлариникидан катта экан. Эй, бунга нима сабаб экан, дейдиган бўлсангиз, мақоламизни ўқишда давом этинг:

Шундай қилиб, тадқиқот натижаларидан аён бўлишича, шаҳар шароитига мослашишларига тўғри келгани учун шаҳар қушларининг мияси катта экан.

Дейлик, қарға, зағизғон ва чумчуқлар қанчадан-қанча шаҳару туманларни забт этган бўлишса, тўрғай ёки булбулга ўхшаш мияси жимитдек бўлганлари фақат қишлоқ жойларида учрар экан.

Нима, олимларнинг бошқа қиладиган ишлари йўқми, дейдиган бўлсангиз, хулоса чиқаришга шошилманг. Айнан ана шу тадқиқот натижалари шаҳарлашув жараёнидан жабр кўриши мумкин бўлган қуш турларини сақлаб қолишда ёрдам беради, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.

Лекин шунча қушни ўрганиб чиққан олимларнинг бошларини қотиргани - каптар бўлиб чиқибди.

Бунга танаси билан солиштирганда, миясининг ҳажми ниҳоятда кичик эканига қарамай, каптарларнинг шаҳарларда ўзларини худди денгиздаги балиқдек ҳис этишлари сабаб бўлибди.

Бироқ олимлар шунда ҳам бўш келишмабди денг: Уларнинг ишонишларича, ҳамма гап каптарларнинг тошни ютса ҳам ҳазм қилувчи ошқозони ва табиий яшаш муҳитларининг шаҳарлардан деярли фарқ қилмаслигида бўлиши мумкин.

Ўз ўрнида, сўнгги тадқиқот натижалари миясининг ҳажми ҳайвон ёки қушларнинг янги муҳитга қанчалик мослашиб кетишларини белгилашига оид далилларни янада мустаҳкамлаган.

"Бунга сут солинган бутилка қопқоғини тешишга қанчалик устамон бўлиб кетган читтаклар мисол," дейди ушбу тадқиқотга бошчилик қилган Швециядаги университет ходимларидан бири.

Бундан ташқари, ахлат қутиларидан бирор бир емиш олиш учун ўзининг бор ҳунарини ишга солаётган Британиядаги гўнгқарғами ёки топиб олган ёнғоғини чақиш учун уларни автомобил йўлларидаги йўловчиларнинг ўтиш жойига ташлаб, қайтиб олиш учун қизил чироқ ёнишини кутиб турувчи япон қарғаларими, хуллас, мисоллар талайгина, дейишибди олимлар.

Чоршанба куни Қироллик Жамиятининг Biology Letters журналида натижаси чоп этилган янги тадқиқот эса, марказий Оврўподаги 12 та шаҳар ва уларнинг атрофида олиб борилган.

Олимлар ўз тадқиқотлари давомида 22 оилага мансуб саксондан ортиқ қуш турларини ўрганиб чиқишган.

Тадқиқот жараёнида йирик шаҳарларнинг камида биттасида бола очиб, кўпайган қушларга "шаҳарда маконлашган", фақат шаҳар ташқарисида учровчиларига эса, "шаҳардан қочувчи" қушлар сифатида қаралибди.

Ўз тадқиқотлари ортидан олимлар қарға, гўнгқарға, зағизғон ва чумчуқ каби мияси йирик қушларни "шаҳар" қушлари, читтак, булбул каби мияси кичикларини эса, фақат "қишлоқда макон топган" қушлар сирасига киритиш мумкин, деган фикрга мойиллик билдиришибди.