БМТ Ливиядаги инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолларини ўрганади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ливия ҳукумат кучлари Мисрата шаҳрини ёппасига ўққа тутаётганликлари айтилади.

БМТнинг махсус гуруҳи феврал ойидан бери давом этиб келаётган можаро мобайнида инсон ҳуқуқларининг топталиш ҳолатларини ўрганиш учун Триполига жўнатилди.

Ливия ҳукуматининг норози намойишчиларга қарши ҳаракатларидан сўнг БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгаши бу каби текширув гуруҳини мамлакатга юборишга қарор берган.

Ливия ҳукумати гуруҳ билан ҳамкорлик қилишини маълум қилди.

Уч кишидан иборат гуруҳ ҳукумат даъво қилганидек, исёнчилар ва НАТО ҳужумлари оқибатида ҳам инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолларини ўрганиб чиқишга ҳаракат қилади.

Лекин уларнинг асосий вазифаси Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийга содиқ кучлар томонидан йўл қўйилган қонунбузарликларни синчиковлик билан текширишдир.

Уч ойдан бери давом этиб келаётган можаро мобайнида ҳукуматга мухолиф бўлганларнинг бедарак йўқолишлари, қийноқлар ва ҳаттоки намойишчиларни қатл қилиш борасида хабарлар бор.

БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича юқори комиссари Нави Пилай феврал ойидаги чиқишларидан бирида Ливияда бўлиб ўтаётган ҳодисалар "инсониятга қарши жиноятлар" сифатида кўрилиши мумкинлигини айтганди.

Охирги ҳафталарда ҳукумат кучлари исёнчилардан Мисрата шаҳрини қайтариб олишга ҳаракат қилиб, ёппасига ракета ўқига тутаётганлари ҳақида хабарлар келмоқда эди.

Сешанба куни ракеталардан бири шаҳар бандаргоҳига келиб тушган вақти уч киши ҳалок бўлган.

Мисрата шаҳрини икки ойдан бери ҳукумат кучлари қуршовга олганлар, шаҳарнинг баъзи қисмлари сувсиз ва электр қувватисиз қолган.

Шаҳар аҳолиси снайперлар ўқи ва ракета ҳужумларидан қўрқиб озиқ-овқат ва дори-дармон олгани ҳам кўчага чиқа олмайдилар.

Иносн ҳуқуқлари ташкилотларига кўра ҳукумат кучлари билан тўқнашувларда 1000 га яқин одам ҳалок блган, яна кўплар жароҳатланган.

Ливия ҳукумати шаҳарни ёппасига ракета ўқига тутаётганлигини рад этиб келмоқда.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши эса Халқаро Жиноят Маҳкамасидан Ливияда уруш жиноятлари содир этилганми йўқлигини текширишни сўраган.