Суриянинг Лондондаги элчисидан қироллик тўйига таклифнома қайтариб олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Интернетда пайдо бўлган Дераа шаҳрига олиб кетилаётган танклар

Лондонда 29 апрелга мўлжалланган қироллик оиласининг ҳашаматли тўйига Сурия элчисининг номига бўлган таклифнома қайтариб олинган.

Сурия раҳбариятининг мамлакат ичкарисида юз бераётган воқеалар юзасидан тарқатаётган баёнотлари дунёнинг ўз халқининг эркинлигини бўғиб келаётган бошқа ҳукуматлар баёнотларидан фарқ қилмайди, яъни, Суриянинг тинчлик-барқарорлигини кўра олмаётган кучлар вазиятни беқарорлаштиришга уринмоқдалар, ҳукумат кучларига қарши қурол билан қарши чиқаётганлар экстремистлар ва террорчилардир.

Шу боис расмий Дамашқ тарқатаётган ахборотга эмас, маҳаллий фаоллар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари хабарларига кўпроқ таянилмоқда.

Энг кўп қон тўкилган Дераа шаҳридан олинаётган хабарлар шаҳарни буткул ёпиб олинган деб таърифлайди.

Хорижий журналистлар суҳбатлашишга муваффақ бўлган дерааликларнинг сўзларига кўра, шаҳар кўчаларида ҳукумат танклари ва мерганлар тўлиб кетган.

"Амнести Интернэшнл" инсон ҳақлари ташкилотига гувоҳлардан бирининг айтишича, армия снайперлари намойишга чиқиб яраланиб кўчада ётган ёки ўзининг ҳаётини сақлаб қолишга уринган бошқа одамларни нишонга олганлар.

Дерааликларга кўра, намойишчилар бундан олдинги ҳафталарда кузатилгани каби Жума намозидан кейин яна йирик норозилик чиқишини режалаштирганлар, армия снайперлари кўчага чиққан одамни отаётгани қўрқув ҳиссини пайдо қилиб, намойишчиларни норозиликка чиқармаслик мақсадини кўзлаган.

Шаҳар ёпиқлигидан барча хабарларни ҳам текшириш имконсиз, халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари олти ҳафталик зўравонликларнинг қурбонлари сони 500 га яқинлашганини айтмоқдалар.

Суриянинг давлат назоратидаги ахборот агентлигига кўра, Дераа шаҳри аҳолиси "қуролланаётган экстремистлардан" ҳимоя сўраб мурожаат қилганларидан кейин шаҳарга армия киритилган.

Суриядан олинаётган хабарларга кўра, қудратдаги Баас партиясининг 200 тача аъзоси намойишларнинг қонли бостирилишига норозилик сифатида партия сафидан чиққанлари ҳақида баёнот эълон қилганлар.

Айни пайтда Бирлашган Миллатлар ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши Суриядаги намойишларни куч билан бостирилишини қоралайдиган баёнотни қабул қила олмаган.

Сурия ҳукуматининг амалларини қоралайдиган баёнот лойиҳаси Франция, Британия, Олмония ва Португалия томонидан таклиф этилган, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзосидан айримлари баёнотга қарши чиққанлар.

Хусусан, Россия мавқесига кўра, Суриядаги ҳодисалар халқаро тинчликка таҳдид солмайди. Лондонда эртага мўлжалланган қироллик оиласининг ҳашаматли тўйига Сурия элчисининг номига бўлган таклифнома қайтариб олинган.

Элчи Сами Ҳиййомий Британия ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва унга зўравонликлар "умуман қабул қилиб бўлмас" деб айтилган.