Генерал Девид Петреус АҚШ Марказий Истиғборот бошқармаси раҳбари этиб тайинланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президент Барак Обама Афғонистондаги халқаро кучлар раҳбари генерал Девид Петреусни АҚШ Марказий Истиғборот бошқармаси директори этиб тайинлаган.

Марказий Развдека бошқармасининг жорий директори Леон Панетта июн ойида истеъфога чиқаётган Мудофаа вазири Роберт Гейтс ўрнига Пентагон раҳбари бўлиши эълон қилинган.

Афғонистондаги халқаро қўшинлар қўмондони этиб Америка денгиз пиёда қўшинлари генерал-лейтенанти Жон Аллен тайинланган.

Жон Аллен шу пайтгача АҚШ Бош қўмондонлиги раҳбарининг Марказий Осиё ва Яқин Шарқ учун масъул ҳисобланган ўринбосари ҳисобланади.

Ушбу кадр ўзгаришларининг АҚШ Сенати томонидан тасдиқланиши талаб этилади.

Президент Барак Обама Афғонистонга янги элчи сифатида Райан Крокер номзодини илгари сурган.

Оқ Уйда номи тилга олинган раҳбарлар иштирокида ўзининг қарорлари ҳақида эълон қилар экан, Президент Обама бу раҳбарларни "олдиндаги мушкул кунларни босиб ўтишда йўл бошлашлари учун танлаганини" айтган.

Президент Обама сўзларига кўра, армияда 40 йил хизмат қилган генерал Петреус ниҳоят истеъфога чиқади ва Сенат маъқулловидан кейин шу йил сентябридан Марказий Разведка бошқармасини бошқаради.

Генерал Петреус 2010 йил июнида халқаро кучларнинг Афғонистондаги қўмондонлигини генерал Стенли Маккристалдан қабул қилиб олган эди.

АҚШ Сенатининг Ташқи сиёсат бўйича қўмитаси раиси, сенатор Жон Керри генерал Девид Петреуснинг Марказий Истиғборот бошқармаси директори этиб тайинлаш қарорини олқишлаган.

"Генерал Петреус ўз авлодининг энг яхши ҳарбий раҳбарларидан бири ҳисобланади. У Қўшма Штатлар хавфсизлигини таъминлашда истиғборот ахбороти қанчалар муҳим рол ўйнашини илк манбалардан билади", деб айтган сенатор Керри.

72 яшар Леон Панетта 1994 йилдан 1997 йилгача Оқ уйда Билл Клинтон маъмурияти раҳбари лавозимида ишлаган, 2009 йил февралида Марказий Истиғборот бошқармаси директори лавозимига тайинланган.

Би-би-си мухбирига кўра, баҳор келиши билан Афғонистонда жанговор ҳаракатлар кучаймоқда ва НАТО ҳамда Афғон армияси олдинги мавсумда қўлга киритган зафарларини мустаҳкамлашлари талаб қилинади.

Шу йил июл ойидан бошлаб АҚШ Афғонистондаги қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетишни ва хавфсизлик учун назоратни Афғонистон Миллий армиясига топширишни бошлайди.

Шу йил февралида АҚШ ҳарбий қўшинлари сони бир миллион 400 минг кишини ташкил этган.