Британ шаҳзодасининг тўйи "аср тўйи" дея баҳоланмоқда

Буюк Британия ва жаҳон бўйлаб британ қироллиги ишқибозлари узоқ кутган тадбир - Шаҳзода Вилям ва Кейт Миддлтонларнинг тўйи Лондонда бўлиб ўтди.

Икки ҳафта давом этган иссиқ ҳаво ортидан бугун ёмғир ёғилиши башорат қилинган эсада, минглаб одамлар Букингем саройи ва Вестминстер Аббей қаршисига, ҳамда тўйни узлуксиз намойиш қилган баҳайбат экранлар ўрнатилган Гайд парк, Грин парк ва бошқа истироҳат боғларига йиғилдилар.

Аммо, бу тўй нафақат британлар учун, балки бутун дунёдан келган минглаб сайёҳлар учун ажойиб томоша бўлди.

Айтилишича, тўй туфайли Лондонга одатдагидан 600 минг кўпроқ ҳорижлик сафар қилган.

"Фақат инглизлар бундай дабдабани эплай олишади, шунинг учун биз оиламиз билан атайлаб келдик", - дейди Букингем саройи панжарасига фарзандлари ва аёли билан суяниб олган россиялик Василий.

"Мен учун бу ўта романтик маросим, ҳудди эртакдек, унинг устига Вилямни жуда ҳам яхши кўраман", - дейди бразилиялик аёл Сузетт.

Британияликларни одатда ватанпарварона дея тасвирлаб бўлмайди. Ўз устидан кулишга уста бўлган бу халқ ҳар қандай патриотик баёнотга менсимай қарайди.

Лекин, бугун одамлар қўлида ҳилпираган минглаб "Юнион Жак" британ байроқлари бунинг тескарисини исботлагандек эди.

"Одатда британ байроқларини фақат ғамгин, мотамсаро тадбирларда кўрамиз. Масалан Афғонистон ё Ироқда ҳалок бўлган аскарлар жасадлари ватанга қайтарилганида телевизион янгиликлар орқали уларнинг тобутлари британ байроғига ўралганини кўрганман. Лекин, қаранг, бугун биз бахтли бир воқеа учун байроқларни кўтариб олдик", - дейди иккита қизчасини маликалардек кийинтириб олган лондонлик аёл.

Image caption Оломон тўй бошланишидан бир неча соат аввал йўл четларига жойлашиб олди

Уэльслик икки қиз Аманда ва Кристилар эса шиор кўтариб олишган. Унда "Ҳарри, мен сенинг қаллиғинг бўлишни ҳали ҳам кутаяпман!" деб ёзилган.

"Биз кеча тунни ҳам шу ерда ўтказдик, деярли уҳламадик, ўта ҳаяжондамиз", - дейишади улар қиқирлаб.

Маросим

Маросим ҳудди ҳарбийлар томондан ташкиллаштиргандек, режага биноан ўтди. Унинг ҳар бир дақиқаси пухта режаланганди.

Масалан, келинчак, тўй дастурида ёзилгандек, Горинг меҳмонхонасидан нақ 10:51да Вестминстер Аббейга йўл олди.

Соат роппа-роса 11да эса никоҳ маросими бошланди.

Оч сариқ либос ва шляпа кийган Қиролича Елизавета II кўтаринки руҳда эди. 85 ёшли қиролича ўзининг янги келинчагини аллақачон ҳуш қарши олгани айтилади.

Бунинг бир исботи - бугун Қиролича Кейт Миддлтонга Кембридж Герцогиняси унвонини тақдим этди.

Кейт Миддлтон махсус автомобилда меҳмонхонасидан Вестминстер Аббейга йўл олар экан, йўлнинг икки чеккасида йиғилган одамларга тўхтамай қўлини силкитиб, жилмаярди.

Image caption Вилям ва Кейт Сент Андрюс Университетидаги талабалик даврида танишганлар

Вестминстер Аббей қаршисида автомобилдан тушар экан, у яна ортига ўгирилиб, йиғилган оломонни бир бошдан кўздан кечирди ва яна қўлини силкитди.

У бу билан ҳудди "мен сизнинг қизингизман, сизнинг орангиздан, халқ орасидан чиққан оддий қизман" дея ишора бераётгандек эди.

Черков ичида отаси билан меҳроб сари юрар экан, меҳробда турган Шаҳзода Вилямнинг куёвжўраси Шаҳзода Ҳарри ортига ўгирилиб Кейтга бир нигоҳ солди ва кейин акасига юзланиб "у ўта гўзал" деди.

Тўй ортидан эса жуфтлик очиқ файтунда, ярқираган қоп-қора отларда дубулға ва совутларни кийиб олган юзлаб қўриқчи аскарлар ҳамроҳлигида Букингем Саройига сафар қилдилар.

Сўнгра келин ва куёв анънавий тарзда, Қиролича ва ўз ота-оналари, ҳамда бошқа оила аъзолари билан Букингем Саройи айвонига чиқишди. Бу ерда, яна анъанавий тарзда, Вилям Кейтнинг лабидан бўса олди.

Бироқ, бўса ўта қисқа бўлганидан оломон қониқмади шекилли, "Яна ўп, яна ўп уни!" дея ҳайқира бошлашди. Иккинчи бўса сал узоқроқ ва ҳаяжонлироқ бўлди.

Диананинг руҳи

Фото муаллифлик ҳуқуқи pa
Image caption Малика Диананинг ҳаёти фожеа билан якун топганди

Тўйда Вилямнинг онаси марҳум Малика Диананинг руҳи сезиларди. Қайси мухбирнинг интервьюларига қулоқ тутмай, Диана ва Кейтнинг қиёсланаётганини эшитдим.

Ҳатто бир киши Диана ҳақида ёзилган китоблар билан савдо қилаётганди.

Ўттиз йил аввал бўлиб ўтган Шаҳзода Чарлз ва Малика Диананинг тўйи ўз дабдабаси ва ҳашамати билан кўпларнинг ёдида қолган.

Бунинг ортидан ҳудди Голливуд юлдузидек машҳур сиймога айланган Диана британ қироллигига бўлган эътиборни бир неча бор орттирди.

Аммо, бу қиёслаш шу тўй билан якун топсин, деб умид қилаётганлар оз бўлмаса керак. Чунки Диананинг турмуши ажрашув билан, ҳаёти эса фожеа билан якун топганди.

Шаҳзода Вилям ва Кейт Миддлтон эса ўзгача жуфтлик. Сарой дабдабалари ва зодагонлар меҳмондорчиликларидан йироқда танишган икковлон ўтган бир неча йил давомида бир-бирини синади ва муҳаббати бақувват эканини исбот қилди.