Миср: 'Мусулмон биродарлар' янги сиёсий партия ташкил этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Мисрдаги "Мусулмон биродарлар" шу йил сентябрига мўлжалланган парламент сайловларида парламентдаги ўринларнинг ярмини эгаллаш мақсадида янги партия ташкил этганлари ҳақида эълон қилди.

Янги партияга "Эркинлик ва Адолат партияси" деб ном берилган.

"Эркинлик ва Адолат партияси" асосчиларига кўра, янги партия диний партия эмас.

Фирқа раҳбари Муҳаммад Ал-Мурсий Қоҳирада матбуот анжумани уюштирган, унинг сўзларига кўра, "Эркинлик ва Адолат партияси" эски тушунчадаги исломий фирқа, диний партия эмас.

Қоҳирадан Би-би-си мухбири Жонатан Хеднинг ёзишича, Ҳусни Муборак қудратдан ағдарилганидан кейин белгиланган парламент сайловига беш ойдан кам вақт қолар экан, қайси партиялар парламентдаги ўринлар учун курашиши ҳали ҳам аён эмас.

Ҳусни Муборакнинг қудратдаги Халқ-Демократик партияси тарқатиб юборилган.

"Биродарларнинг мамлакат келажагидаги ролидан дунёвий ҳамда номусулмон мисрликлар хавотирдалар, чунки "Мусулмон биродарлар" исломий илдизга эга", дейди Би-би-си мухбири.

"Мусулмон биродарлар" ташкил этилганига 80 йил бўлди, Ҳусни Муборакнинг ҳукмронлиги даврида уларнинг фаолияти тақиқланган, "Мусулмон биродарлар" ҳаракатининг аъзолари таъқиб этилганлар.

Олдинги сайловларда ҳаракатнинг фаоллари мустақил номзодлар сифатида рўйхатдан ўтишга интилганлар.

"Мусулмон биродарлар"дан айримларининг энди Мисрда шариат қонунларини жорий этиш чақириқлари уларнинг жамиятдаги мухолифлари орасида хавотирларни янада оширган.

Ҳаракатнинг раҳбарияти янги партия ташкил этиш билан бу хавотирларни ёйишга ҳаракат қилмоқда, "Эркинлик ва Адолат партияси" диний фирқа бўлмаслигини уқтирмоқдалар.

Янги партия Миср парламентидаги ўринларнинг ярми ёки ундан ҳам камроғи учун курашажаги ҳақида эълон қилмоқда.

Аммо уларнинг рақиблари ишончли, дунёвий мухолифат таркиб этганларича йўқ.

Ҳусни Муборакни ҳокимиятдан ағдаришда етакчилик қилган фаоллар бирлашган, парламент шаклидаги бир кучга айланиш масалалари борасида ҳамон баҳсларини давом эттирмоқдалар.

"Шундай экан, "Мусулмон биродарлар" кейинги сайловларда парламентдаги энг кўп ўринларни эгаллайди ва Мисрнинг янги конституцияси лойиҳасини ишлаб чиқишда уларнинг овози баланд бўлади", деб ёзади Би-би-си мухбири.