Қаддофий НАТОдан ҳаво ҳужумларини тўхтатишни сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий НАТОни оташкесим ва музокараларга чорлаган, мамлакатига ҳаво ҳужумларини тўхтатишни сўраган.

Ғарбий иттифоқчилар Бирлашган Миллатлар ташкилотининг полковник Қаддофий бошқарувига қарши чиққан тинч фуқароларни ҳимоя қилиш мақсадидаги мандати асосида ҳаракат қилмоқдалар.

Ливия раҳбариятининг бундан олдинги оташкесим таклифи ҳаётга татбиқ этилгани кузатилмаган ёки эълон этилишидан кўп ўтмай бузилган.

Телевидение орқали чиқишида Муаммар Қаддофий Ливияни тарк этмаслигини айтган.

Бу унга қарши кўтарилган исёнкорларнинг асосий талабидир.

Ливия раҳбарининг телечиқишидан кейин давлат телевидениеси полковник Қаддофий гапираётган пайтда НАТО Триполидаги ҳукумат биносини нишонга олгани ҳақида хабар тарқатди.

Бу хабарни НАТО тасдиқламаган.

"Тинчлик эшиги очиқ. Сизлар босқинчисизлар. Биз сизлар билан музокара қиламиз. Келинглар, Франция, Италия, Британия, Америка, келинглар, биз сизлар билан музокара олиб борамиз. Нега бизга ҳужум қилаяпсизлар", деб айтган Ливия телевидениеси намойиш этган мурожаатида полковник Қаддофий.

Қаддофий сўзларига кўра, музокара учун ўзининг таслим бўлиши ёки мамлакатдан чиқиб кетиши сингари шарт қўйилмаслиги лозим.

"Биз таслим бўлмаймиз, лекин мен музокарага чақираман... Биз ливияликлар ўзимизнинг муаммоларимизни ҳужумсиз ҳал қила оламиз. Шундай экан, флотларинг ва учоқларингизни қайтариб олинг", деган Муаммар Қаддофий.

Унинг сўзларига кўра, Ливия шарқи ҳамда ғарбида жанг қилаётган исёнкорлар ливияликлар эмас, "Жазоир, Миср, Тунис ва Афғонистондан бўлган террорчилардир".

Мисрата бандаргоҳини миналаштиришга йўл қўйилмаган

Айни пайтда Ливия бундан кейин қамалга олган Мисрата шаҳрига денгиз орқали озиқ-овқат ва бошқа зарур нарсалар олиб кирилишига изн бермаслиги ҳақида эълон қилган.

Ливия ҳукумати сўзчиси Муса Иброҳимнинг айтишича, Мисрата шаҳрида қамалда бўлган исёнкорларга қуролларини ташлаш учун тўрт кун фурсат берилади.

Эвазига уларни Қаддофий ҳукумати авф этади.

Ливия ҳукумати воизининг ушбу баёноти НАТО кучлари Қаддофий қўшинлари Мисрата бандаргоҳини миналаштиришга уринганлари олди олингани ҳақида хабар тарқатган вақтга тўғри келган.

НАТО қўмондонига кўра, бир неча қайиқда Ливия ҳарбийлари денгизга мина ташлашга ҳаракат қилган пайтларида қўлга олинган, миналар зарарсизлантирилган.

Мисрата бандаргоҳи исёнкорлар ва шаҳар аҳолисига озиқ-овқат, дори-дармон етказиш, шаҳардаги ярадорлар ва муҳожир ишчиларни олиб чиқиб кетиш учун асосий йўл бўлиб хизмат қилмоқда.

Қаддофий кучлари қамалдаги шаҳарни бир неча ҳафтадан буён қўлга киритишга ҳаракат қилиб келади.