Усама Бин Лодин: мужоҳид ва сармоядор

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Тарафдорлари Бин Лодинни қўли қонга ботган террорчи эмас, балки Америка ва Исроилга қарши озодлик курашчиси, деб кўрадилар.

Усама Бин Лодин дунёнинг эътиборини 2011 йил 11 сентябрида, 3000 инсоннинг умрига зомин бўлган Қўшма Штатлардаги ҳужумлардан сўнг тортган эди.

Саудиялик ҳеч ким танимаган диссидент уч йил ичида дунёнинг энг хавфли шахсига айланди.

1957 йилда туғилган Усама Бин Лодин Саудия Арабистонидаги йўлларнинг 80 фоизини қурган мултимиллионер Муҳаммад Бин Лодиннинг 52 нафар фарзандидан ўн еттинчиси экани айтилади.

Отасининг 1968 йилда вертолёт ҳалокатида ҳаётдан кўз юмиши ёш Усамани кўп миллион долларлик меросхўрга айлантирди.

Гарчи бу мерос кўпчилик айтадиган 250 миллион доллардан анча кам бўлса-да.

Мужоҳид

Жиддадаги Қирол Абдул Азиз Университетида фуқаро муҳандислигини ўрганаётган пайт Бин Лодин Исломнинг анъанадор қанотига мансуб ўқитувчилар ва талабалар билан алоқа ўрнатади. Илоҳиёт дарслари ва мунозаралар жараёнида у ўзи Ғарбдаги таназзулга қарши қўрғон сифатида кўрган ақидапараст Исломга берилади.

1979 йил декабрида Шўроларнинг Афғонистонни ишғол қилиши Бин Лодиннинг ҳаётини бир умрга ўзгартириб юборди.

У коммунистларга қарши мужодалани ўзининг даъвосига айлантирди ва Афғонистонга бориб, ўн йил давомида мужоҳидлар жанг қилди ва ғалаба қозонди.

Жосуслик экспертлари АҚШнинг Марказий Жосуслик Бошқармаси Бин Лодин дохил, мужоҳидларни қуроллантириш ва тайёргарликдан ўтказишда фаол рол ўйнаган, деб ишонишади.

Афғонистондаги уруш тугаганидан сўнг Бин Лодиннинг қарашлари ўзгаради.

Улкан сармоялар

1991 йилдаги Ироққа қарши кўрфаз уруши чоғида АҚШнинг аёллар дохил 300 минг кучлари Исломнинг икки муқаддас шаҳри жойлашган Саудия Аарабистонига жойлаштирилиши ортидан Бин Лодиннинг Москвага бўлган нафрати Вашингтонга қаратилди.

Бин Лодин ўзи шаккок, деб кўрганлардан қасос олишга олишга ваъда берди.

Ўзининг кўпгина мужоҳид биродарлари билан бирга у Яқин Шарқдаги кўпгина гуруҳларга ўзинининг жанг қилиш санъати ва исломий жаҳдни ўргатди.

Американинг босимлари натижасида 1994 йилда Саудия Арабистони, кейинроқ эса Судан Бин Лодинни фуқароликдан маҳрум этди ва 1996 йилнинг январида у Афғонистонга келди.

Бошбошдоқлик ҳукм сурган Афғонистонда турли-туман исломий гуруҳлар, жумладан, ақидапарст Толибон жангарилари амал қилишарди.

Орадан 9 ой ўтиб, Толибон Кобулни забт этди.

Жўғрофий жиҳатдан чекланган бўлишига қарамай, Бин Лодиннинг бойлиги дунё бўйлаб улкан сармоялар ҳисобига ошиб бораётганди.

Бу эса унга ўзининг Ал-Қоида тармоғи орқали транснационал жангари гуруҳларни молиялаш ва назорат қилиш имконини берди.

Нақлиёт ва молиявий кўмакни таъминлаган Бин Лодин баъзан воситачилик қилди, баъзида эса ўзининг зўравонлик ҳаракатларини олиб борди.

1998 йилнинг февралида у "Яҳудийлар ва Салбчиларга қарши Жаҳон Жабҳаси" ташкилоти номидан фатво чиқариб, америкаликлар ва уларнинг иттифоқчиларини ўлдириш ҳар бир мусулмоннинг бурчи, деб эълон қилди.

'Энг хавфли'

Орадан 6 ой ўтиб, АҚШнинг Кения ва Танзаниядаги элчихоналарида иккита бомба портлади. 224 киши ҳалок бўлди, 5000 га яқин одамлар жароҳатланди.

Усама Бин Лодин ва унинг 16 сафдоши асосий гумондорлар, деб эълон қилинди.

Бир кечада Бин Лодин Американинг биринчи рақамли душманига айланди ва Федарал Қидирув Бюроси унинг бошига 25 миллион доллар ваъда қилди.

АҚШ денгиздан Афғонистон шарқидаги олтита тайёргарлик марказларига 75 та ракета отди, аммо Бин Лодин омон қолди. Америкаликлар нишонга бир соат кеч қолганликларини айтишди.

Бин Лодин шунингдек, 1993 йилда Нью Йоркдаги Жаҳон Савдо Марказига уюштирилган ҳужум, 1995 йилда Саудия пойтахти Ар-Риёддаги машина портлаши ва 19 нафар Америка аскарларининг умрига зомин бўлган Саудия казармаларидаги портлашларда айбланди.

"Мен ҳамма вақт америкаликларни ўлдираман, чунки улар бизни ўлдиришмоқда", -деб айтган Бин Лодин. "Биз америкаликларни ҳужумга тутганимизда бошқа одамларга зиён етказмаймиз", - деган у.

Аммо Найроби ва Доруссаломдаги ҳужумларда унинг сўзлари ўз тасдиғини топмади - қурбонларнинг аксарияти америкалик эмас, африкаликлар эди.

Бин Лодин ўзига шунчалик ишонар эдики, у ҳатто ядровий қурол сотиб олиш учун Қозоғистон ҳукуматига кўп миллион доллар таклиф қилишгача борди.

Шундан сўнг АҚШ ва Исроил Бин Лодинни ўлдириш учун махсус қотилларни юборган, деб ишонилади.

Бин Лодин шахси

Кейин 2001 йил 11 сентябридаги воқеалар юз берди. Олиб қочилган икки учоқ Нью Йоркдаги эгизак биноларга келиб урилди ва уларни вайрон қилди.

Яна бир учоқ эса Пентагонни нишонга олди, тўртинчиси Пенсиванияга қулади. Жаъми 3000 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган ҳужумлар ортидан АҚШнинг Толибонга қарши амалиёти бошланди.

Иттифоқчи кучлар 2001 йил кеч кузида Афғонистонга кирди. Усама Бин Лодин Тора Борадаги ғорда юз берган жангларда ҳалок бўлди, деб ишонилди.

Аслида эса у чегара орқали Покистонга ўтган эди. Покистонда Бин Лодин фақат поп юлдузлари ва кино актёрларгина эриша оладиган култ мақомига эришди.

Қўшма Штатлар Ироқни ишғол қилган пайт Бин Лодин "бу салбчилар урушининг асосий нишони мусулмонлар" деб эълон қилди ва "барча мусулмонлар, айниқса, ироқликлар жиҳодни бошлаши керак" деб айтди.

Пухта ўйланган баёнотлар

Усома Бин Лодин охирги марта 2001 йил Тора-Борадаги истеҳкомида кўрилган эди.

Покистонда унга Толибонга хайрхоҳ бўлган айрим маҳаллий Пуштун қабилалари бошпана беришган.

2003 йилда Покистонда Холид Шайҳ Муҳаммаднинг ҳибсга олиниши Бин Лодинга қарши овда муҳим бурилиш бўлган.

2004 йил май-июлида Покистон армияси Бин Лодинни қўлга олиш бўйича йирик амалиёт бошлаган.

Аммо орадан бир йил ўтиб, Президент Мушарраф унинг изини йўқотишганини тан олади.

Гарчи Ал-Қоида кўпинча интернетда тармоқнинг иккинчи раҳбари бўлган Айман ал-Завоҳирий номидан бот-бот аудио мурожаатларни чиқариб келган бўлса-да, Усама Бин Лодиннинг ўзи кўп кўринмас эди.

Унинг чиқишлари вақти, таҳлилчиларга кўра, Ғарбдаги жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш мақсадида яхши режаланган бўлган.

Шундай видеолардан бири Мадриддаги ҳужумлар юз берган ва АҚШдаги сайловлар арафасида, 2004 йилда эълон қилинган эди.

У иккинчи марта 11 сентябр ҳужумларига 6 йил тўлар экан, ўзининг ўлими ҳақидаги миш-мишларни рад этиш учун пайдо бўлган.

Тарафдорлари Бин Лодинни Ғарбдаги кўпчилик каби минглаб инсонларнинг ўлими учун маъсул, қўли қонга ботган террорчи эмас, балки Америка ва Исроилга қарши озодлик курашчиси, деб кўрадилар.