Покистон расмийлари Бин Лодин қаердалигини билишганми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳарбий шаҳарда жойлашган иморатда ким яшаётганидан Покистон армияси нақадар хабардор бўлган?

Усамо Бин Лодиннинг Покистондан топилиши ва ўлдирилиши нақадар кутилмаган воқеа бўлди? Би-би-си бу савол билан Ал-Қоида ва Толибон ҳақида бир неча китоблар ёзган ва охирги йилларда АҚШ ҳукуматининг яқин маслаҳатчиларидан бирига айланган журналист Аҳмад Рашидга мурожаат қилди.

Рашид: Йўқ, мен учун бу кутилмаган янгилик бўлгани йўқ, чунки унинг Покистонда эканлигини ҳамма биларди. Фақатгина Покистон ҳукумати расмийлари Бин Лодин Покистондалигига кўз юмишган ёки буни тан олишни истамай келишган. Лекин, унинг Абатободда бўлгани кўплар учун кутилмаган нарса бўлди, чунки бу ҳарбий шаҳар, у британлар томонидан бир қалъа сифатида қурилган. Бутун шаҳар устидан назорат ҳарбийлар қўлида бўлиб келган, хавфсизлик чоралари жуда қаттиқ бўлган. Лекин, шунга қарамай, Бин Лодин бу шаҳарда яшаб келган. Покистон армияси бригадасининг базаси ҳам шу ерда жойлашган, аскарларни тайёрлайдиган коллеж ҳам шу ерда. Бу жуда муҳим иншоотлар. Лекин, Бин Лодин, шунча назоратга қарамай, ўзи учун йирик вилла қурган ва ҳеч қандай хавф-хатарсиз яшаб келган.

Би-би-си: Сиз армия бригадаси бор дедингиз. Қанчалар яқин у Бин Лодин вилласига?

Рашид: Абатободдаги битта бригада шаҳарнинг ичида жойлашган. Бу кичкина шаҳар, унинг аҳолиси 300 минг киши атрофида. Шаҳардаги деярли ҳамма нарса: дўконлар, ширкатлар ва хизматлар армияга хизмат қилади.

Би-би-си: Сизнингча, Покистон ҳукуматида кимдир аниқ билганми ёки, ҳеч бўлмаса, шубҳа қилганми Усамо Бин Лодиннинг Абатободда яшаб келаётганини?

Рашид: Менинг бунга ишончим комил, чунки бундай кичкина шаҳарнинг ўртасида бу каби ҳашаматли кошонада яшаб келаркансиз-у, шаҳарни бошқариб келаётган юқори мартабали ҳарбий расмийлар нима бўлаётганини билишмас экан. Бу иморат қабила оқсоқоллари бошпана топишлари учун ёки Ал-Қоида жосуслари учун қурилган бўлиши мумкин, ва армия бу иморат бошқаларидан нақадар ажралиб турганини пайқамаганига ишониш қийин. Армия учун буни изоҳлаш жуда қийин бўлса керак.

Би-би-си: Покистонда ёки бошқа мамлакатларда Бин Лодиннинг ўлими ортидан нималар юз бериши мумкин?

Рашид: Менимча, ҳам Афғонистон, ва ҳам Покистонда қасддан одам ўлдиришлар юз беради. Ал Қоиданинг ўзи ва унинг иттифоқчилари қатор ҳужумларни уюштиришлари мумкин. Бу ҳужумлар Оврўпо ва АҚШда ҳам уюштирилиши мумкин. Лекин, Бин Лодиннинг ўлими Ал-Қоиданинг барбод бўлганини англатмайди. Бу билан Ал-Қоида бизнинг турмушимиздан буткул йўқ бўлмайди. Ал-Қоида фаолияти давом этади. Баъзи одамлар учун, масалан 11 сентябр ҳужумларида ҳалок бўлган инсонларнинг яқинлари ва қариндошлари учун бу катта бир саҳифанинг ёпилгани, адолат қарор топганини англатиши мумкин. Лекин, террорчилик ва экстремизм ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳали бу саҳифа ёпилмаган.