Юзлаб ҳибсларга қарамай, суриялик намойишчилар норозиликни давом эттиришмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Суриядаги мухолифат гуруҳлари ўзларининг юзлаб тарафдорлари ҳукумат томонидан ҳибсга олинишига қарамай, аксил-ҳукумат намойишларини давом эттиришларини айтишган.

Ички Ишлар Вазирлиги намойишчиларга таслим бўлиш ва қуролларини топшириш учун икки ҳафта муҳлат берган.

Хорижий журналист Сурияга киритилмаяпти, лекин Иордания билан чегарадан хабар қилган Би-би-си мухбири Сурия ҳукумати намойишчиларни сиёсий ислоҳотларга чақираётган оддий фуқаролар эмас, балки жиноятчилар деб кўрмоқда.

Якшанба куни уйма-уй ўтказилган рейдларда Сурия хавфсизлик кучлари 10 кишини ўлдирган ва 499 нафарини ҳибсга олишган.

Бир ойдан бери Президент Башар ал Ассад ҳукмронлигига қарши давом этаётган нотинчликларда 560 инсон нобуд бўлган.

Намойишчилардан олингани ишонилган видео смсларда хавфсизлик кучлари одамларга қарата ўт очаётгани намоён бўлган.

Маҳаллий аҳоли 15 ва 40 ёш орасида эркаклар ҳибсга олинаётгани, кишан солиниб, автобусларга солиниб олиб кетилаётганини айтишди.

"Ўн бешдан катта бўлган ҳамма эркакларни олиб кетишаяпти. Бу хавфсизлик кучларининг эски усули, қасддан амал қилиш усули", - деди исмини ошкор этилмаслигини сўраган дараалик нуфузли адвокат.

Кейинроқ полиция пойтахт Дамашқдаги аёллар намойишини куч билан тарқатган.

Рейдлар Дараадаги Умарий масжидини хавфсизлик кучлари эгаллаб олишлари ортидан амалга оширилган.

Умарий масжиди шаҳардаги аксил-ҳукумат намойишчиларнинг марказига айланганди.

Айни дамда Суриянинг Сана давлат хабар агентлиги армия "террорчи гуруҳларни" топиб, 10 нафарини ўлдиргани ва 499 нафарини ҳибсга олганини билдирди.

Санага биноан, икки аскар амалиёт чоғида ҳалок бўлган.