Дунёдаги яна бир улкан чумолининг қолдиғи топилган, катталиги қанча дейсизми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи ant
Image caption Улкан чумолиларнинг танаси нақ бигиз-тумшуқники билан тенг бўлганидан олимлар ҳайратда...

Олимларнинг айтишларича, узунлиги ўзиям нақ 5 см келувчи Titanomyrma lubei бундан 50 миллион йилча бурун яшаган ва шу пайтга қадар инсонлар топишга муваффақ бўлган энг йирик чумолилардан биридир.

Унинг тош бўлиб қотиб қолган қолдиқлари Америкадаги Вйомин кўлининг тубидан топилган.

Канада ва америкалик олимларнинг Royal Society журналида чоп этилган хулосаларида ёзилишича, улкан чумолилар ҳозир ҳам ва ўша пайтда ҳам фақат иссиқ иқлимли жойларда яшашган.

Олимларга кўра, Ер юзида иқлим иссиқ бўлган пайтларда улкан чумолилар қуруқлик орқали Арктикани босиб ўтиб, Оврўподан Шимолий Америка ёки Шимолий Америкадан Оврўпога ўтишган.

Ўзи ҳам, яшаган пайти ҳам бир хил бўлган Titanomyrma lubei дек чумолиларнинг қолдиқлари бундан аввал Олмония ва Англияда ҳам топилганди.

Олимлар Олмониядан топилган улкан чумолининг танаси нақ бигиз-тумшуқники билан бир хил эканини айтишади.

Уларга кўра, Америкадан топилган янгиси ҳам ундан ўтса ўтадики, заррача ҳам қолишмайди.

"Биз бу турга мансуб бирор бир ишчи чумолининг қолдиғини топишга муваффақ бўлмадик, қўлимизда бўлгани фақат она чўмолидир," дейди олимлардан бири.

Улкан чумолиларнинг ҳаёт тарзлари ва нима еб-ичганликлари маълум эмас. Аён бўлгани шуки, уларнинг иккита қанотлари ҳам бўлган.

Энг қизиғи - бу каби чумолилар саёҳат қилган ва тропикал иқлим ҳукмрон бўлган минтақаларда ҳозир қанчалар қақшатқич совуқ эканидир.