Усама бин Лодиннинг жасадига нима бўлган?

Америкалик ҳарбийларнинг таъкидлашларича, "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодиннинг жасадига ҳурмат кўрсатиб, уни денгизда дафн этишган.

Айрим мусулмонлар эса, жасадни тупроққа қўймаслик учун америкалик мулозимларда бирор бир жиддий асос бўлмаган, деган фикрдалар.

Ислом дини қонун-қоидаларига мувофиқ, ёриб кўришга ҳожат бўлмаса, майитнинг жасадини имкон қадар тезликда дафн этиш лозим кўрилади.

АҚШ ҳарбийларининг сўзларига кўра, Ислом дини анъаналарига жиддий ёндашиб, барча урф-одатларга амал қилган ҳолда, ҳалок этилишидан бир неча соат ўтиб Усама бин Лодиннинг жасадини денгизга топширишган.

Уларнинг айтишларича, барча расм-русумлар "Карл Винсон" ҳарбий кемасининг палубасида адо этилган:

"Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг оқ кафанга ўралган жасади юк солинган халтага жойланиб, тахтада Араб денгизига қўйиб юборилган.

Америкалик ҳарбий зобитлардан бири аввалдан тайёрланган лозим дуолардан айримларини ўқиб турган, араб тилини билганлардан бири эса, уни уларни таржима қилиб турган.

Айтилишича, маросим Усама бин Лодин яширинган жамлоқда кечган отишмалардан 12 соат ўтиб адо этилган.

Расм-русм қандай бўлиши керак?

Британиялик имом Абдулжалил Сажидга кўра, Ислом динига мувофиқ дафн этилмасидан аввал:

Майит ювилиши

Кафанга ўралиши

Лозим дуолар ўқилиши

ва сўнгра тупроққа топширилиши лозим.

Сажид ҳазратлари маросимлар чоғида имомнинг бўлиши шарт эмаслиги, аммо уларнинг барчаси ана шу тартиб-қоидалардан ҳеч бўлмаса озгина хабари бўлган мусулмонлар томонидан адо этилиши шарт эканини урғулайди.

"Карл Винсон" кемасида дафн маросими чоғида шундай одам бўлганми-йўқлиги ҳозирча маълум эмас.

Имом ҳазратларига кўра, денгиз саёҳати чоғида кўз юмган тақдирдагина, жасадни денгизга топшириш каби ҳоллар ўзини оқлаши мумкин, Усама бин Лодин мисолида эса, Исломий анъаналарга мувофиқ, бунга ҳожат бўлмаган.

Нима учун денгизга?

Иордания Университетининг Фиқҳ илми бўйича профессори Муҳаммад Кудаҳ жанобларининг айтишича, жасадни денгизга дафн этиш Исломий қонун-қоидалар бўйича ман қилинмаган.

Аммо, профессорнинг айтишича, бу каби маросим жасаднинг ёнида мусулмонча расм-русмларни адо этадиган бирор бир киши бўлмаган тақдирдагина амалга оширилади.

Дубай Олий муфтийси эса, фақат фавқулодда ҳолатлардагина бу ишга қўл уриш мумкинлигини билдирган.

Америка томони нима дейди?

Америкалик мулозимларнинг таъкидлашларича, фақат иккита сабаб туфайли бу каби қарорга келишган:

Биринчидан, Усама бин Лодиннинг қабри зиёратгоҳга айланишига йўл қўя олишмаган.

Иккинчидан, дафн маросимини уюштириш учун бошқа давлатлар билан музокаралар олиб боришга вақтлари бўлмаган.

CBS News телевизион канали тарқатган хабарларга кўра, Саудия Арабистони Усама бин Лодиннинг жасадини қабул қилиб олишдан бош тортган.

Жасад ростдан ҳам бин Лодинники бўлганми?

Хабарларга кўра, Покистоннинг Абботтабад шаҳрида кечган махсус амалиёт ортиданоқ марҳумнинг шахсини аниқлаш учун жасад Афғонистонга юборилган.

Усама бин Лодин биринчи ўқ тегиши билан ҳалок бўлган, кейин унинг ўлганига аниқ ишонч ҳосил қилиш учун унинг жасадига яна бир бор ўқ узилган.

Америкалик мулозимларнинг айтишларича, Афғонистонда мутахассислар текшириш учун жасаддан олган ДНК намунаси бин Лодин яқинлариники билан бир хил бўлиб чиққан.

Айрим хабарларга кўра, кишининг шахсини юзидан аниқлаб берувчи махсус технологиялардан ҳам фойдаланилган.

Шундан сўнг, унинг жасади "Карл Винсон" кемасида Афғонистондан олиб кетилган.