Россиялик миллатчилар янги ташкилотга бирлашишди

Рус тақирбошлари
Image caption Рус тақирбошлари асосан словян қиёфасига мос бўлмаганларга ҳужум қилишади

Россияда фаолияти таъқиқланган миллатчилар ҳаракатининг лидери, Александр Белов, бошқа ўта ўнг қанот гуруҳлар билан биргаликда янги ташкилот тузди.

Александр Белов бошчилигидаги "Ноқонуний миграцияга қарши ҳаракат" фаолияти Россияда шу йил феврал ойида таъқиқланган эди.

Рус миллатчи гуруҳларидан таркиб топган янги ташкилотга "Русские" номи берилган.

Александр Белов Россияда ўта ўнг қанот миллатчилардан бири сифатида танилган.

Москвадаги Би-би-си мухбири Даниел Сандфорднинг хабар беришича, Россия Олмония фашистлари устидан қозонилган ғалабанинг 66 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўраётган бир пайтда янги миллатчи ташкилотнинг тузилиши мамлакатда ирқчилик қанчалар кенг қулоч ёйганини кўрсатади.

Россия юқори мулозимларига кўра, ўтган йилларда Москвадан тортиб Томск ва Тюменга қадар вилоятларда миллатчи ва тақирбош ташкилотларнинг ўнларча аъзолари қўлга олинган ва маҳкамга тортилган.

Славян қиёфасига мос бўлмаганларни ўлдириш, калтаклаш, мусулмон ва яҳудийлар қабристонларини вайрон этиш рус миллатчилари томонидан содир этиладиган жиноятлар жумласига киради.