Покистонда Усама бин Лодиннинг ўлдирилишидан минглаб одамлар норози

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

АҚШ ҳарбийлари томонидан "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодиннинг ўлдирилишига норозилик билдириб, жума куни Покистонда минглаб кишилар иштирокида намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Норозилик чиқишларида Покистондаги ўнг қанот сиёсий партиялар, жиҳодчи гуруҳларнинг сиёсий қанотлари аъзолари ва мадраса толиблари иштирок этишмоқда.

Намойишлар Кветта, Пешовар, Усама бин Лодин ўлдирилган Абботтабад шаҳарларида бўлиб ўтаётир.

Одамлар қўлларида "Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг суратларини кўтариб олиб, "Усама бин Лодин тирик," деган шиорларни айтиб, ҳайқиришган.

Намойишчилардан айримлари Америка байроқлари, машина ғилдиракларига ўт қўйишган.

Хабарларга кўра, намойишлар "Жамоат-и-Исломий" партияси бошчилик қилмоқда.

Исломий партия Усама бин Лодиннинг қандай қилиб ўлдирилгани борасида Америка томонининг талқинини қабул қилмаслигини айтмоқда. Уларга кўра, аниқ далил-исбот келтирилмоғи лозим.

"Жамоат-и-Исломий" партияси Усама бин Лодиннинг ўлимида тутган ўрни учун Покистон ҳукумати истеъфосини ҳам талаб этаётир.

Намойишлар Америка Қўшма Штатлари "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари жасадини намойиш этмаслигини эълон қилишидан кун ўтиб, бўлиб ўтаётир.

Энг йирик норозилик чиқишлари Покистоннинг бизнес пойтахти бўлган жанубий Карочи шаҳрида қоқ аср пайтига режаланган.

Маҳаллий журналистларнинг айтишларича, бу - Покистонда ўтган 10 йил бадалида бўлиб ўтаётган энг йирик намойишлар бўлиши мумкин.

Сўнгги бор катта сондаги покистонликлар Афғонистоннинг 2001 йилда Америка томонидан ишғол этилишига қарши кўчаларга чиқишганди.

Исломободда бўлган мухбиримизнинг хабар беришича, Усама бин Лодин намойишчиларнинг наздларида мусулмонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, дунёнинг энг йирик империалистик давлатларига қарши чиққан қаҳрамондир.

Бу ердаги аксарият шундай фикрда ва улар Усама бин Лодиннинг ўлими борасида Америка томони айтаётган сўзларга ишонишни исташмайди, дейди мухбиримиз.

Президент Барак Обаманинг "Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг жасади акс этган суратларни ошкор қилишдан бош тортиши эса, улардаги ишончсизликни янада кучайтирган кўринади.

Бироқ намойишчиларнинг қаҳру ғазаблари асосан Покистон ҳукуматига қаратилса керак.

Юқори мартабали мулозимларнинг раддияларига қарамасдан, аксарият покистонликлар ҳукумат америкаликларнинг ҳарбий амалиётларидан бохабар бўлган, деган фикрдалар.

Улар, ўз таъбирларида, Покистон давлатининг суверенитети ва манфаатларини ҳимоя қила олмаганини айтиб, ҳукуматнинг истеъфосини талаб этишмоқда.