Алишер Усмонов - Британиянинг иккинчи бой одами

Image caption Алишер Усмоновнинг бойлиги бир йилда қарийб икки баробарга ортган

Sunday Times рўзномасининг бу йилги бойлар рўйхатида асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов иккинчи ўринга кўтарилган.

"Металлоинвест" ширкати соҳиби 12.4 миллиард фунт стерлинг ёки 20 миллиард доллардан кўпроқ сармоя билан "Челси" футбол клуби эгаси Роман Абрамовичдан ўзиб кетган.

Британиянинг энг бой одами яна ҳиндистонлик ишбилармон Лакшми Миттал бўлган.

Аммо 17 миллиард фунт ёки қарийб 30 миллиард долларга эга экани айтилган "ArcelorMittal" ширкатининг ижрочи директори ўтган бир йил мобайнида энг кўп сармоя йўқотган.

Чукотканинг собиқ ҳокими Роман Абрамович эса 10 миллиард фунт стерлинг ёки қарийб 16.5 миллиард доллар бойлик билан бу йилги рўйхатда учинчи ўринни эгаллаган.

Энг омадли бизнесмен

57 ёшли Алишер Усмонов Британиянинг энг омадли ишбилармони бўлган.

У Sunday Times нинг бу йилги рўйхатида олтита ўринга юқорилаган.

Рўйхат муаллифларига кўра, унинг бойлиги ўтган бир йил ичида қарийб икки баробарга кўпайган.

Алишер Усмонов асос солган "Металлоинвест" ширкати Россиянинг энг йирик хомашё ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Бундан ташқари жаноб Усмонов Россиянинг интернет ширкати - Mail.ru нинг 26.9 фоиз ҳиссалари ва россиялик яна бир миллиардер Юрий Милнер билан бирга Facebook. Inc нинг 10 фоиз ҳиссаларини назорат қилади.

Шунингдек, Лондоннинг "Арсенал" футбол клубининг 27 фоиз ҳиссалари ҳам жаноб Усмоновга тегишли.

Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида, прокурор оиласида туғилган Алишер Усмонов, британ матбуоти маълумотларига кўра, 1980-йилларда давлат мулкини ўғирлаш ва фирибгарликда айбланиб, олти йил қамоқда ўтирган.

Алишер Усмоновнинг ҳимоячилари унга қарши айблар совет даврида ташкил этилгани ва жаноб Усмоновнинг Михаил Горбачев даврида тамоман оқланганини айтишган.

2007 йилда "Гардиан" рўзномаси билан суҳбатда жаноб Усмонов на Ўзбекистон ва на бошқа ерда сиёсат билан шуғулланиш нияти йўқлигини айтган.

Алишер Усмонов Кремл уни Президент Каримовга эҳтимолий меросхўр сифатида кўриши ҳақидаги тахминларни "ўзини кремлшунос деб атайдиганларнинг фантазияси" деб атаган.

У на Президент Каримов ва на унинг қизи Гулнора Каримова билан алоқаси йўқлигини айтган.