Гуржи ҳукумати Россия табригини масхарабозликка тенглаштирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Уч йил аввал Россия қўшинларининг Абхазия ва Жанубий Осетияга бостириб кириши ортидан гуржи-рус алоқалари ҳали ҳам совуқлигича қолмоқда

Гуржистон Ташқи Ишлар Вазири Григол Вашадзе Россия президентининг гуржи халқига ғалаба куни муносабати билан йўллаган табрикномасини "масхарабозлик" деб атаган.

Дмитрий Медведев Гуржистон фуқароларига йўллаган мурожаатномасида "Россия гуржи халқи билан асрлар давом этган қўшничилик ва дўстлик анъаналарига ҳамиша содиқ қолади", дея баён қилган.

Медведев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги раҳбарлари ва фуқароларини табриклаган, ва ўзи 2008 йилда мустақил дея тан олган Абхазия ва Жанубий Осетия раҳбарларига ҳам табрикномалар йўллаган.

"Биз Гуржистонни барча қўшнилари билан тинчликда яшаётган ривожланган ва эркин мамлакат сифатида кўришни истаймиз", дейилади Россия президенти мактубида.

"Мен Россия президентининг табригини гуржи халқи ё бирон гуржи одам қабул қилди деб ўйламайман. Масхарабозликнинг чегараси бўлмайди, истаганингча масхарабозлик қилишинг мумкин" деди Вашадзе Тбилисидаги Ноъмалум аскар ёдгорлигига гулчамбарлар қўйиш маросими ортидан.

Маросимда Гуржистонда фаолият юритувчи хорижий дипломатик корпус вакиллари ҳам иштирок этишган.

Аммо, улар орасида Россия вакиллари бўлмаган.

Вазирга кўра, бу "тасодиф" эмас.

"Биринчидан, бизнинг ўртамизда дипломатик алоқалар йўқ, иккинчидан, афсуски, 1941-1945 йилларда фашизмга қарши курашган инсонларнинг набиралари энди ўзлари ҳам фашистлар усулларини ўзлаштириб олиб, этник тозалаш натижасида 400 минг гуржи фуқаросини қувғинга солди", деди жаноб Вашадзе.

Айни дамда гуржи ташқи ишлар вазири Россия халқини бошқа халқлар билан бир қаторда Ғалаба байрами билан табриклаган ва Россия бир кун келиб "демократик ва нормал мамлакат"га айланганида икки халқ фашизм устидан ғалабани яна бирга байрам қилишини билдирди.