Сурия армияси Дамашқдаги мавзени қамал қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи youtube
Image caption Сурияда намойишчиларнинг ўққа тутилиши туширилгани даъво қилинган видеоклиплар интернет ва телефонлар орқали тарқатилмоқда

Сурия пойтахти Дамашқдан келаётган хабарларга кўра, армия шаҳар ғарбидаги мавзени ўраб олган ва у ердан қаттиқ отишма овозлари эшитилган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари мавзе узра қора тутун ҳавога кўтарилаётгани, мулоқот ва электр тармоқлари кесилганини хабар қилишди.

Айни дамда яна кўпроқ хавфсизлик кучлари Ҳомс, Дара ва денгиз бўйидаги Банияс шаҳарларида аксил-ҳукумат намойишларни бостиришга уринмоқда.

Якшанба куни Ҳомсда отишмалар бўлиб ўтгани, инсоний талафот ва ҳибсга олишлар давом этгани хабар қилинган. Ҳалок бўлганлар орасида 12 ёшли бола ҳам бўлган.

Давлат телевидениеси эса 10 нафар ишчи қуролли "террорчилар" пистирмасига учраганида отиб ўлдирилганларини хабар қилган.

Хорижлик журналистларнинг Сурияга кириши тақиқланган, шундай экан хабарларни мустақил равишда тасдиқлаш қийин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Баъзи шаҳарларни армия мутлақ қамал қилган

Британияда жойлашган Инсон Ҳуқуқлари бўйича Сурия Расадхонаси ташкилоти якшанба куни Боб Сабо, Боб Амро ва Тал ал Сур мавзелари "мутлақ қамал" остида қолгани ва юзлаб одамлар ҳибсга олинганини билдирди.

Жума намози ортидан Ҳомс шаҳрида яна авж олган намойишларда 15 киши отиб ўлдирилгани айтилади.

Исми ошкор этилишини истамаган Ҳомс яшовчисининг Би-би-сига айтишича: "Биз бундай қуроллар қаршисида узоқ қола олмаймиз, сизлар томондан кимдир, бошқа мамлакатлар, Туркия эмас, нимадир қилишлари керак."

"Бу ҳукумат ўз халқини ўлдириши эмас, ҳимоя қилиши керак."

Армия "қуролли террорчилар"га қарши амалиётлар давом этаётганини билдирди.

Унга кўра, Ҳомс, Банияс ва Дара атрофидаги қишлоқларда олти аскар нобуд бўлган ва бир нечаси жароҳат олган.

Фаоллар эса Баниясда якшанба куни юзлаб одамлар ушлаб олиб кетилгани, улар орасида 10 ёшли бола ҳам борлигини хабар қилишмоқда.

Шанба куни Банияс ташқарисида фақат аёллар иштирок этган пикетда тўрт аёл отиб ўлдирилган.

Би-би-сининг Байрутдаги мухбири Жим Мюирга кўра, армия босими кучайганига қарамай, кўп шаҳарларда дафн маросимлари эълон қилинган.

Дарада комендантлик соати ўрнатилган, аҳолига бир неча соатга кўчаларга чиқиб озиқ-овқат сотиб олишга рухсат берилган.

Суриянинг Савасия инсон ҳуқуқлари гуруҳи намойишлар март ойида бошланганидан бери 800 одам ўлдирилганига ишонади.

Ҳукумат бу кўрсаткични рад этади. У аскарлар сафидан 100 киши ҳалок бўлганини хабар қилган.