Оксфам: "Афғон армияси хавфсизликни ўз зиммасига олишга тайёр эмас"

Афғон полицияси Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Хавфсизликни маҳаллий кучларга топшириш жараёни 2014 йилга қадар давом этади

Оксфам халқаро хайрия ташкилотига кўра, Афғонистон миллий армияси мамлакат хавфсизлигини НАТОдан олишга тайёр эмас.

Қароргоҳи Британияда жойлашган Оксфам Афғонистон миллий кучлари ҳали тўлиқ тайёргарликдан ўтмаганини айтган.

Хайрия ташкилотининг огоҳлантиришича, агар Афғонистон хавфсизлиги маҳаллий кучларга топширилса, инсон ҳақларини поймол этиш ҳоллари кучайиши мумкин.

Афғонистондаги хавфсизлик вазияти 2014 йилдан бошлаб тўлалигича миллий армия ихтиёрига ўтади.

Ал-Қоида раҳбари Усама Бин Лодиннинг ўлдирилиши ортидан НАТО кучларини мамлакатдан эртароқ олиб чиқиш чақириқлари янада кучайди.

Афғонистон ҳукумати ҳозирча Оксфам ҳисоботига расмий жавоб қайтармаган.

Ўтган йил Президент Ҳомид Карзай, "ҳарбий назоратнинг маҳаллий кучлар ихтиёрига ўтиши ҳар бир афғонга мамлакат келажагига ҳисса қўшиш имконини яратади," деб айтган эди.

"Ишонч"

"Йўқотиш вақти эмас," сарлавҳаси остида нашр этилган Оксфам ҳисоботида таъкидланишича, афғон хавфсизлик кучларининг "профессионаллиги ва масъулиятлигига жиддий ишончсизлик бор".

"Масъулият механизми ишлаб чиқилмас экан инсон ҳақларини бузиш ҳоллари кучайиши хавфи бор," дейилади ҳисоботда.

Оксфам ҳисоб-китобига кўра, 40 минг афғон полиция ходими тайёргарликдан умуман ўтмаган.

Ташкилот оддий фуқароларга полиция ва аскарлар устидан шикоят қилишнинг самарали тизими йўқлигини айтади.

"Афғон халқининг хавфсизлик кучларидан умиди катта," дейди ҳисобот муаллифи Ребекка Барбер.

"Халқ ушбу кучлар уни ҳимоя қила олиши ва агар тартибни бузсалар, жавобгарликка тортилишлари мумкинлинлиги билиши лозим,"

деб илова қилади у.

Американинг дастлабки қўшинлари июл ойидан бошлаб Афғонистондан чиқиб кета бошлайди.

Март ойида АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Америка ўз қўшинларини июл ойидан бошлаб олиб чиқишга "тайёр" бўлишини айтганди.