БМТ Ливиядаги урушни тўхтатишга чақирди

Мисрата Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Мисрата шаҳрига элтувчи аксар йўллар Муаммар Қаддофий кучлари томонидан назорат этилмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакили Валери Амос Ливияда гуманитар инқирознинг кучайишини олдини олиш учун жангларни тўхтатишга чақирди.

Инсонпарварлик масалаларида БМТ мувофиқлаштирув идорасининг бошлиғи Амос хоним БМТ Хавфсизлик Кенгашига исёнкорлар назорати остида бўлган Мисрата бандаргоҳ шаҳрида сув ва озиқ-овқатлар етишмаётганини билдирди.

Шаҳарга элтувчи барча йўллар икки ойдан буён Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий қўшинлари томонидан назорат этилмоқда.

Мисрата шаҳрининг ўққа тутилиши оқибатида кўплаб одамлар ҳалок бўлган.

Валери Амос сўзларига кўра, шаҳарда аянчли вазиятнинг юзага келишига бир томондан ҳарбий амалиётлар, иккинчи томондан Ливияга нисбатан қўлланаётган жазо чоралари сабаб бўлган.

Қаддофий қўшинлари ортга чекинди

Амос хоним шунингдек Ўрта Ер денгизидаги кемалар капитанларини Ливиядан Оврўпога қайиқларда йўл олган қочқинларга ёрдам беришга тайёр туришга чақирди.

Айни дамда Ливиядаги инёнчилар Қаддовий қўшинларини Мисратадан тахминан 30 км узоқликка чекинтиришга муваффақ бўлишганини эълон қилдилар.

Бироқ, Мисрата шаҳри ҳамон ҳукумат кучлари ракеталари етадиган масофада турибди.

Ливия давлат оммавий ахборот воситаларига кўра, НАТО учоқлари душанба куни Мисрата ва унга қўшни Злитан шаҳридаги "ҳарбий ва фуқаровий ҳадафларни" бомбалаганлар.

Ливияда журналистлар фаолиятига чеклов қўйилгани учун икки томон даъволарини мустақил манбалардан тасдиқлаб олиш имконсиз.

Мисрата атрофини бомбалашларга оид хабарлардан ташқари Ливия пойтахти Триполи ҳам ҳаво ҳужумига тутилгани ҳақида маълумотлар келмоқда.

Мисратада вазият қандай?

НАТО якшанба куни Мисрата ҳудудида ҳаво амалиёти ўтказилганини билдирди.

Ракета-бомба ҳужумида ҳукуматга қарашли реактив қурилмалар, артиллерия қуроллари ва уч бино нишонга олинган.

Шифокорлар маълумотига кўра, Мисратада ўтказилган ҳарбий амалиёт пайтида камида 300 одам ҳалок бўлган.

Франс пресс мухбирининг хабар беришича, исёнчилар Ўрта Ер денгизининг Мисратадан Триполига борувчи соҳилини назорат қилмоқдалар.

Ўзини Муҳаммад дея танитган исёнчилар вакили Би-би-сига охирги ҳафталарда Мисратани бомбалаш озайиши натижасида оддий инсонлар ҳаёти яхшиланганини айтди.

"Одамлар тинч ҳаётга қайтишмоқда. Кўплаб оилалар ўз уйларидан дўконларга чиқа бошлашди. Кўплар ташлаб чиқилган уйларига қайтишмоқда", - деди Муҳаммад.

Унинг айтишича, Қаддофий рақибларининг руҳи баланд ва улар курашни давом эттирмоқчилар.

Бенғозидаги Би-би-си мухбири Андрю Ҳардингнинг хабар қилишича, исёнчилар Злитан шаҳрига қурол-яроқ жўнатишга муваффақ бўлганлар ва улар бу шаҳар аҳолисининг бош кўтаришига умид қилмоқдалар.

Бироқ, Андрю Ҳардингнинг айтишича, буни амалга ошириш жуда мушкул: Злитан Қаддофийга содиқ кучлар назорати остида қолмоқда.