Бин Лодиннинг оиласи унинг ўлими тергов этилишини сўрамоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Усама бин Лодиннинг тўртинчи ўғли Умар бир неча бор отасининг мафкурасидан йироқ туришини айтиб келган

Усама бин Лодиннинг ўғиллари АҚШ ҳукуматини "ўзбошимча қотиллик"ни амалга оширишда айблашган.

New York Times рўзномасига берилган баёнотда ал Қоида раҳбарининг оиласи нима учун ўз оталари тирик ҳолда қўлга олинмаганини сўрашган.

Уларга кўра, Покистонда 2 май куни ўтган рейдда қўлга олинган қариндошлари озод этилиши керак.

Жиҳодчи веб саҳифалардан бирида пайдо бўлган бошқа баёнотда эса бин Лодиннинг денгизда дафн этилиши "унинг оиласини камситади ва таҳқирлайди" деб айтилган.

Усама бин Лодин АҚШ махсус кучлари томонидан Покистоннинг Абботобод шаҳридаги уйига уюштирилган рейд чоғида отиб ўлдирилганди.

АҚШ расмийлари бин Лодин қуролланган бўлмасада, америка қўшинларига таслим бўлиш нияти борлигига ишора қилмаганини айтишган.

Бош Прокурор Эрик Холдек унинг ўлдирилиши қонуний, ҳамда "миллий мудофаа чораси" эканини айтган.

"Камситиш"

New York Timesда чоп қилинган баёнот бин Лодиннинг тўртинчи ўғли Умар бин Лодиндан олингани айтилган. У ўтмишда ўз отасининг мафкурасидан йироқ туришини айтиб келган.

У жасад ё фотографик далиллар йўқлиги сабабли ўз оиласи отасининг ўлганига ишончи комил эмаслигини айтади.

Аммо, агар у тирик бўлса "нима учун қуролсиз киши ҳибсга олинмади ва барча ҳақиқат бутун жаҳон аҳлига аён бўлиши учун маҳкамага тортилмади" деб сўралади баёнотда.

Улар бин Лодиннинг ўлими халқаро қонунларга зид бўлганини айтишади, ҳамда Ироқ Президенти Саддам Ҳусайн ва Сербия Президенти Слободан Милошевичга маҳкама ҳуқуқи берилганига ишора қилишган.

"Биз аминмизки, ўзбошимча қотиллик сиёсий муаммоларни ҳал қилмайди, ва ҳар қандай жиноят бўйича маҳкама қарор бериши керак", дейилади баёнотда.

Оила бин Лодин нима учун "маҳкамасиз қатл этилгани" бўйича тергов ўтказилиши ва унинг уч аёли ва етти фарзандининг озод этилишини талаб қилишган.

Рейд чоғида ҳибсга олинган оила Покистон хавфсизлик кучлари назорати остида сақланаётгани айтилади.

Баёнотда, шунингдек, АҚШнинг бин Лодинни денгизда дафн этиш қарори унинг оиласини диний анъаналарга биноан дафн маросимини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилгани айтилади.

Баёнотнинг бироз бошқачароқ версияси жиҳодчи вебсайтда чоп қилинган.

Унда Президент Барак Обама "отамизнинг қисматига ойдинлик киритиш" учун "қонунан масъул" эканини айтилади, ва денгизда дафн этиш "оиламизни ва отамизнинг тарафдорларини камситади ва таҳқирлайди" дейилади.

АҚШ президенти Покистон ҳукуматини ал Қоида раҳбари қандай қилиб Абботобод ҳарбий шаҳарчасида кўзга тушмасдан яшаб келгани ва расмийлар бундан қанчалар хабардор бўлганини аниқлашга чақирган.

Покистон Бош Вазири Юсуф Ризо Гилони Покистоннинг бин Лодинга алоқаси борасидаги даъволар "беъмани гап" эканини айтган.