Йирик зилзила хавфи туфайли минглаб одамлар Римни ташлаб чиқишмоқда

Image caption Баъзи шаҳарликлар одамларга ўта гавжум Римнинг бироз тинчишидан мамнунлар

Минглаб одамлар Италия пойтахти Римда йирик зилзила юз бериши борасидаги хавотирлар туфайли шаҳарни ташлаб чиқишган.

Ваҳимага 1979 йилда оламдан ўтган сейсмолог Раффаеле Бендандининг Римни зилзила 11 майда ҳаробага айлантиради деган башорати сабаб бўлмоқда.

Бенданди Италиянинг фашист раҳбари Бенито Муссолини томонидан 1927 йилда ўзининг метеорологик башоратлари учун рицарлик унвонига сазовор бўлганди.

Айтилишича, у сайёраларнинг ҳаракатига қараб 1923 йилда мингга яқин кишини ўлдирган зилзилани олдиндан башорат қилган.

Вафотидан аввал Бенданди 2011 йилнинг 11 майида Рим буткул барбод бўлиши ва 2012 йил майида яна икки фожиали воқеалар юз беришини айтган.

Расмийлар зилзилаларни аввалдан башорат этиб бўлмаслигини айтишган, телевидение орқали эса одамларни осойишталикка чақирган махсус дастурлар узатилган.

Лекин, кўп римликлар "ҳар эҳтимолга қарши" дея шаҳарни ташлаб чиқишмоқда.

Шаҳарда ишлайдиган ишчиларнинг 18 фоизи ишдан жавоб сўрашгани айтилади.

"Мен бошлиғимизга тиббий кўрикдан ўтишим керак дея бир кунга рухсат олмоқчиман", дейди майхонада ишлайдиган Фабио Менгарелли

"Агар ўлиш вақтим етган бўлса, мен хотиним ва болаларим билан ўлишни хоҳлайман. Минглаб одамлар ҳам шундай фикрда", дейди у.

Яна бир католик, Таня Которобай, чоршанбани шаҳардан ташқаридаги далада ўтказиш нияти борлигини айтади.

"Бунга ишонаманми йўқми, билмадим, лекин интернетга қарасангиз шунча гап-сўз ва қарама-қарши фикрлар, бу мени қўрқувга солаяпти", дейди у.

Бошқа одамлар эса башоратга танқидий кўз билан қарашмоқда ва пойтахтнинг бироз тинчиб қолишидан хурсандлар.

"Бунинг бари беъмани гап, лекин агар зилзила бўлса балки бу яхши нарсадир, чунки шаҳар бироз тозаланади", дейди Аугусто Коста.

Франческо Верселли эса Римда зилзила бўлмаслиги, чунки у Рим Папасининг маскани эканига ишонади. "Папа бўлган жойда ҳеч нарса бўлмайди", дейди у.