Испанияда кучли зилзила камида саккиз кишини нобуд қилди

Испания жанубидаги Лорка шаҳрида юз берган зилзилада камида саккиз киши ҳалок бўлиши ортидан минглаб одамлар тунни кўчаларда ўтқазишган.

Мурсия вилоятидаги бу зилзила 5.2 балл қувватга тенг бўлиб, 10 километр чуқурликда юз берган.

Чоршанба куни кечқурун юз берган кучли зилзиладан бир неча соат аввал 4.4 баллга тенг зилзила бўлган.

Сўнг соат 18:47да ер қаттиқ қимирлар экан, ларзага келган одамлар бинолардан кўчаларга югуриб чиқишган ва ҳиёбону паркларда йиғилишган.

Эски бинолар айниқса қаттиқ шикаст еган.

Испания телевидениеси черков тепасидаги йирик қўнғироқнинг ерга қулаши ва оператор ёнига келиб тушганини намойиш қилган.

Қоронғу тушар экан Лорканинг 90 минг кишилик аҳолисининг аксари уйларига қайтишга қўрқиб, ташқарида ухлашган.

As night fell, many of Lorca's 90,000 residents were either unable or still too afraid to return to their homes.

Испаниянинг ўтган 50 йил ичидаги энг ёмон зилзиласи дея тасвирланаётган табиий офат ортидан қатор-қатор автомобиллар ҳаробалар остида мажақланган.

Маҳаллий расмийлар зилзила эртасига инсоний талафот саккиз кишига тенг эканини билдиришди.

Қанча одам жароҳат олгани аниқ эмас, бироқ Испания матбуоти бу кўрсаткич "ўнлаб" экани ва баъзилар ўта жиддий жароҳатланганини хабар қилмоқда.

Испанияда ҳар йили бир неча юзта ер қимирлаши юз беради, бироқ улар одатда кичик кўламда. Мурсия вилояти Испаниядаги сейсмик жиҳатдан энг фаол ҳудуд бўлиб, у 2005 ва 1999 йилларда зилзиладан жабр кўрганди.