Миср: Ҳусни Муборакнинг рафиқаси Сюзанна ҳибсга олинди

Image caption Сюзанна хоним ҳам "ноқонуний бойлик тўплаш"да айбланмоқда

Мисрнинг бир неча ҳафталик оммавий норозилик намойишлари ортидан яқинда қудратдан четлатилган президенти Ҳусни Муборакнинг рафиқаси Сюзанна Муборак бўлажак терговларгача 15 кунга ҳибсга олинган.

Миср ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, Сюзанна хоним Қоҳира қамоқхонасида ушлаб турилади.

Ҳусни Муборак ва унинг хотини "ноқонуний йўллар билан бойлик тўплаш"га алоқадор даъволар юзасидан тергов қилинади.

Мисрни 30 йил давомида бошқариб келган жаноб Муборак шу йилнинг феврал ойида истеъфо берганди.

Жаноб Муборак ўшандан буён "ноқонуний бойлик тўплаш" учун ўз хизмат вазифасини суиистеъмол этганликда айбланиб, ҳибсда сақланмоқда.

Собиқ президент яна аксилҳукумат намойишчиларининг ўлдирилишига алоқадорликда ҳам айбланаётир.

Ҳозир 83 ёшда бўлган жаноб Муборак юрак хуружига учраши ортидан Қизил Денгиз бўйидаги Шарм-аш-Шайх оромгоҳи касалхонасида ҳибс остида ушлаб турилибди.

Унинг ўрнига қудратга келган ҳарбий кенгаш коррупцияда айбланган барча сиёсатчиларни адолат маҳкамасига тортишга ваъда берган.

Собиқ президентнинг рафиқаси ва икки ўғлининг саёҳат қилишлари чекланган, банк ҳисоблари Бош прокурор томонидан музлатиб қўйилган.

Истеъфо бериши ортидан, жаноб Муборак тузумига алоқаси бўлган 20 дан ортиқ вазир ва бизнесменлар ҳибсга олинишган.

Ўтган ҳафта Миср собиқ Ички ишлар вазири пулни ноқонуний ўзлаштиришда айбланиб, 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Ҳабиб ал-Адлий жаноблари намойишчиларга қарши ўт очишга буйруқ беришда ҳам айбланмоқда. Агар айбдор деб топилса, у ўлим жазосига юз тутиши мумкин.