АҚШ Ливия исёнчиларини тан олмади, Қаддофий эса НАТО ожиз эканини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Қаддофийнинг таслим бўлишига ишора йўқ

Америка Қўшма Штатлари Ливиянинг Миллий Муваққат Кенгашини мамлакатнинг қонуний ҳукумати сифатида тан олмаган.

Бу баёнотдан бироз аввал Ливия исёнчилари аъзоси халқаро дастак сўраб Оқ Уйга ташриф буюрган.

Оқ Уй баёнотида Бинғозидаги Миллий Муваққат Кенгаши раҳбари Маҳмуд Жибрилга АҚШ "кенгашни Ливия халқининг қонуний ва ишончли суҳбатдоши" дея кўриши айтилган, холос.

АҚШ ва Британия ММКни Ливиянинг янги ҳукумати сифатида тан олишмаган, бироқ Франция, Италия ва Қатар уни тан олган.

АҚШнинг айтишича, Ливия ҳукуматини танлаш хорижий давлатларнинг эмас, балки ливияликларнинг ишидир.

Айни дамда жума куни ва шанба тонгида НАТО Ливия пойтахти Триполида яна олтита ҳаво ҳужумини амалга оширгани ишонилади.

Давлат матбуотига кўра, 11 мусулмон руҳоний ҳужумларда нобуд бўлишган.

Аввалроқ Полковник Муаммар Қаддофий телевидение орқали узатилган аудио мурожаатида НАТОнинг устидан кулиб, ўзи "уларнинг қўли етмайдиган" жойда эканини айтган.

"Мен салбчи қўрқоқларга айтиб қўймоқчиман, мен сизларнинг қўлингиз етмайдиган ва мени ўлдира олмайдиган жойда яшайман, мен миллионлаб одамларнинг юрагида яшаяпман", деди у.

Аввалроқ Италия ташқи ишлар вазири Қаддофий пайшанба куни Боб ал Азизия мажмуасига қилинган ҳужумда жароҳат олган бўлиши мумкин дея хабар тарқатганди.