Покистон Усама бин Лодин рейди ва дрон ҳужумларни қоралади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Толибон ўз қўшма ҳужуми билан бин Лодин ўлими учун қасос олганини билдирди

Покистон парламенти Америка аскарларининг Усама бин Лодинни ўлдириши ортидан Покистоннинг АҚШ билан алоқалари қайта кўриб чиқилишига чақирган.

АҚШ амалиётини муҳокама қилган қўшма сессияда парламент аъзолари мустақил тергов ўтказилишига чақиришди.

Улар АҚШ ўз учувчисиз учоқлари, яъни дрон ҳужумларини тўхтатмас экан, НАТОнинг Афғонистондаги қўшинлари учун юк ташийдиган транзит карвонлари Покистон ҳудудидан ўтиши ман этилишига чақирдилар.

Парламент Америка ҳужуми Покистон суверенитетига хилоф равишда амалга оширилганини баён қилди.

Парламент аъзолари қаттиқ хавфсизлик чоралари остида 10 соат давом этган сессиядан сўнг резолюция чиқаришди.

"Покистон халқи бундан буёғига бу каби амалларга тоқат қилмайди, бир томонлама чоралар яна қайтарилса улар минтақа ва жаҳондаги тинчлик ва хавфсизлик учун абгор оқибатларга олиб келиши мумкин", дейилади резолюцияда.

Резолюция Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош ҳудудларида АҚШ томонидан дрон учоқлари қўлланишини "номақбул" дея тамғалади.

Шу йилнинг ўзида 100дан ортиқ дрон ҳужумлари амалга оширилгани ҳисоблаб чиқилган.

Мухбирларимизга кўра, Исломобод бу ҳужумларга, очиқча бўлмасада, йўл очиб берган. Расмий баёнотларда Покистон раҳбарлари ҳар доим дрон ҳужумларига қарши эканликларини айтиб келишган.

Охирги бир неча ой давомида оддий фуқаролар талафот туфайли омма ғазаби кучаяр экан, Покистоннинг нуфузли раҳбарлари АҚШдан дрон ҳужумлари сони камайтиришни сўрагани айтилади.

Қўшма сессиядан аввал жума куни икки ҳудкуш ҳужумчи Покистон шимоли-ғарбида 80 кишини ўлдирган.

Чорсадда туманидаги чегара ҳарбийларини тайёрлайдиган марказда амалга оширилган бу ҳужумларда камида 120 одам жароҳат олган.

Хавфсизлик чоралари кучайтирилган

Бу йилнинг хавфсизлик кучларига қарши энг қонли ҳужуми деб кўрилган амал учун Покистон Толибони масъулиятни ўз бўйнига олди.

У бин Лодиннинг ўлими учун ўч олганини айтди.

Америка десантларининг 2 май куни Абботтободдаги уйга бостириб кириб, ал Қоида раҳбарини ўлдириши Вашингтон ва Исломобод ўртасидаги алоқаларни совутди.

АҚШ Конгресси аъзолари Покистоннинг баъзи расмийлари бин Лодин қаерда эканидан хабардор бўлганини даъво қилиб, ҳар йили Покистонга бериладиган бир неча миллиард долларнинг ёрдам пулини кесишга чақирганлар.

Покистон раҳбарлари бин Лодин ўз мамлакатларида эканидан бутунлай бехабар бўлишганини айтишмоқда.