Қаддофий расмийлари Москвада музокаралар олиб боришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийнинг элчилари Москвада Россия расмийлари билан музокаралар олиб борди. Хабар қилинишича, Россия ливиялик расмийларга Триполи БМТ резолюциясига тўлиқ риоя қилиши ва қуролли гуруҳларини шаҳарлардан олиб чиқиб кетиши кераклигини айтган.

Айни пайтда Москвада исёнкорлар расмийлари билан ҳам учрашув бўлиб ўтиши кутилаётганди. Бироқ, Россия тарафига кўра, "техник сабаблар боис" чоршанба кунига режаланган ушбу йиғин қолдирилган.

Кремль исёнкорларни қонуний қудрат эгалари сифатида тан олишдан бош тортди ва ҳамон Полковник Қаддофий билан расмий алоқаларга эга.

Душанба куни Халқаро Жиноят Маҳкамаси Бош прокурори Луис Морено-Окампо Муаммар Қаддофийни ҳибсга олиш ҳақида буйруқ чиқаришни сўраганди.

Луис Морено-Окампога кўра, Муаммар Қаддофий, унинг ўғли Саиф ал-Ислом ва жосуслик хизмати раҳбари Абдуллоҳ ал-Сануссий тинч аҳолига қарши "кенг қамровли ва мунтазам ҳужумлар"га жавобгарлар.

Халқаро Жиноят Маҳкамаси ҳали ушбу талабни қондириш ёки қондирмаслик юзасидан қарор бермаган.

Ливия ҳукумати аллақачон Халқаро Жиноят Маҳкамаси қарори билан ҳисоблашмаслигини айтди.

Айни пайтда сешанба куни тонгда Полковник Қаддофийнинг пойтахт Триполидаги қароргоҳи яқинида портлаш овозлари эшитилган.

Ливия расмийлари кейинроқ мухбирларни ҳудудга бошлаб боришган ва афтидан, НАТО ҳаво ҳужумлари ортидан ўт ичида қолган биноларни кўрсатишган.

Ҳукумат воизига кўра, бинолардан бири хавфсизлик хизмати идораларидан бири бўлган.

Барча томонлар билан мулоқот

"Биз Москвада ҳам Триполи ва ҳам Бенғози вакиллари билан учрашишга келишдик", деб айтган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров.

Лавров жаноблари бу ҳақда душанба куни маълум қилган.

"Триполи расмийлари бу ерга эртага келадилар. Бенғози вакиллари чоршанба куни келишлари керак эди. Аммо, улар бизга маълум қилишларича, техник сабаблар боис йиғинни қолдиришни сўрашга мажбур бўлишган", дейди Россия Ташқи ишлар вазири.

У "сабаблар"ни очиқламади, фақат Москва исёнкорлар билан яқин келажакда музокаралар олиб бориш имконига эга бўлишига умид қилишини айтди.

Жаноб Лавров Россия "барча билан мулоқот ўрнатишга тайёр"лигини урғулади. Шу билан бирга у Москванинг Ливиядаги жангларни тўхтатишга оид чақириғини такрорлади.