Руанда собиқ генерали 30 йил озодликдан маҳрум этилди

Августин Бизимунгу Фото муаллифлик ҳуқуқи other
Image caption Августин Бизимунгу жангариларга қурол-яроғ ва уйларга ўт қўйиш учун ёқилғи ваъда берган

Халқаро уруш жиноятлари трибунали Руанда армияси собиқ раҳбари Августин Бизимунгуни 1994 йилги қатлиомдаги роли учун 30 йилга озодликдан маҳрум этган.

Танзанияда жойлашган Руанда бўйича Халқаро уруш жиноятлари трибунали ярим ҳарбий полиция хизмати собиқ бошлиғи Августина Ндиндилийимана устидан ҳам ҳукм ўқиган, аммо у аллақачон ўзига берилган вақтни қамоқда ўтаб бўлгани учун озод қилган.

Яна икки нафар юқори мартабали генералга 20 йилдан қамоқ жазоси берилган.

1994 йил 100 кун ичида тутси ва ҳуту этник гуруҳларидан 800 минг киши ваҳшиёна ўлдирилганди.

Бизимунгу ва Ндиндилийимана Руандада 800 минг инсоннинг умрига зомин бўлган қатлиом учун Халқаро уруш жиноятлари трибуналига тортилган энг юқори мартабали расмийлардир.

'Тўла назорат'

"Бу Руанда бўйича Халқаро уруш жиноятлари трибунали томонидан олинган ижобий қарор. Ҳатто кўп одамлар у (Бизимунгу) энг олийсига лойиқ, деб ўйласалар-да, бу ўз ҳолича катта жазодир", деб айтган Руанда Бош прокурори матбуотга гапираркан.

Маҳкама 2002 йил Анголада қўлга олинган Бизимунгу 1994 йил ўз қўли остидаги қуроллилар устидан тўла назорат қилган, деган қарорга келган.

Аммо, Ндиндилийимана, маҳкамага кўра, ўз кучларини "чекланган доирада назорат" қилган ва қотилликларга қарши бўлган, дея таърифланади.

2000 йил Белгияда ҳибсга олинганидан бери 11 йилини қамоқда ўтказар экан, у озод қилинган.

Ҳар икки шахс ҳам геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор топилган.

Би-би-сининг Найробидаги мухбири Вилл Росснинг айтишича, ҳукм ўқиларкан, Бизимунгу қилт этмаган.

59 ёшли собиқ генерал жангарилар уйларига бориб, тутси этник гуруҳига алоқадор инсонларни ўлдиришга буйруқ берганликда айбланади. Айтилишича, у тутсиларни "сувараклар" дея таърифлаган.

Шу билан бирга, мухбиримизга кўра, Августин Бизимунгу жангариларга қурол-яроғ ва уйларга ўт қўйиш учун ёқилғи ваъда берган.