Халқаро Валюта жамғармаси раҳбари Стросс-Кан ҳибсда қолдирилди

Доминик Стросс-Кан
Image caption Доминик Стросс-Кан шанба куни ҳибсга олинганди

Халқаро Валюта жамғармаси раҳбари Доминик Стросс-Кан жинсий зўрлашга уриниш айбловлари билан Нью-Йоркдаги Рикерс-Айленд қамоқхонасида сақланмоқда.

Ҳакам 62 ёшли Стросс-Кан жаноблари қочиб кетиши эҳтимоли борлигини айтган.

Доминик Стросс-Кан шанба куни Жон Кеннеди аэропортидан Парижга парвоз қилишга тайёрланаётган учоқдан тушириб қолдирилганди.

Жаноб Стросс-Кан меҳмонхона ходимасини зўрлашга уринишда айбланмоқда.

Агар унга қўйилаётган 7 айблов исботини топса, 25 озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Францияда 2012 йил ўтадиган президентлик сайловларида энг кучли номзолардан бири сифатида кўрилган жаноб Стросс-Кан ўзига қарши барча айбловлар асоссизлигини айтиб, рад этмоқда.

Ҳимоячи Нью Йорк маҳкамаси уни гаровга пул қўйиш эвазига қамоқдан озод қилишни рад этганидан хавфсалалари пир бўлганини билдирган ва мижозининг гуноҳсизлиги исботланишини айтган. Доминик Стросс-Каннинг оиласи гаров учун 1 миллион доллар таклиф қилганди.

"Бу кураш эндигина бошланди", деб айтган маҳкамада гапирган ҳимоячи Бенжамин Брафман.

Жаноб Стросс-Кан Брюсселда Оврўпо Иттифоқи молия вазирларининг молиявий ёрдам уюштиришга қаратилган йиғинида иштирок этиши керак кутилаётганди.

Иқтисодий инқироздан азият чекаётган Португалия ва Юнонистонга молиявий кўмак масаласида Халқаро Валюта жамғармаси марказий рол ўйнайди.

Оврўпо Иттифоқи Халқаро Валюта жамғармаси раҳбари билан боғлиқ можаролар евро ҳудудидаги мамлакатлар иқтисодига ёрдам кўрсатиш ишларига таъсир қилмаслиги кераклигини айтади.

Қамоқхонадаги шароитлар

"Доминик Стросс-Кан Рикерс-Айленд қамоқхонаси оддий маҳбуси эмас", дейди Би-би-си мухбири Том Барридж.

Нью-Йорк шаҳри четида жойлашган ушбу қамоқхонада тўдалар аъзолари ва айримлари энг жиддий жиноятлар билан озодликдан маҳрум этилган жиноятчилар сақланади.

Рикерс-Айленд ҳибсхонасидан жиноятчиликка оид филмлар ва телевизион драмалар учун саҳна сифатида ҳам фойдаланилган.

Халқаро Валюта жамғармаси раҳбари қамоқхона ҳужрасида ёлғиз ўзи сақланади ва қўриқчилар 24 соат давомида унинг хавфсизлигини таъминлаб туришади.

Одатда у қадар хавфли ҳисобланмаган жиноятчилар ўнлаб бошқа маҳбуслар билан бир ҳужрага ташланади.

"Бизнинг тушунишимизча, жаноб Стросс-Кан учун кундалик тартиб ва шароитлар бошқаларники билан бир хил бўлади. Афтидан, у ҳар куни соат 06:00да уйғотилади...Ва овқатлар Манҳаттандаги меҳмонхоналар менюсидагидан анчайин фарқ қилади", дейди Би-би-си мухбири.