Сурия ҳукумати 'оммавий қабр' топилгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Дераа Сурияда март ойида бошланган аксилҳукумати намойишлар эпицентрига айланди Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Дераа Сурияда март ойида бошланган аксилҳукумати намойишлар эпицентрига айланди

Саудия ҳукумати жанубий Дераа шаҳри ташқарида камида битта оммавий қабр топилгани борасидаги даъволарни рад этган.

Ички ишлар вазирига кўра, хабарлар "мутлақо ёлғон" ва "бузғунчилик кампанияси"нинг бир қисмидир.

Дераа яқинидаги қишлоқлар аҳолиси "Рейтерс" агентлигига яқинда кечган норозилик чиқишлари ортидан бир қабрдан 13 та жасадни тортиб олинганини айтишган. Айтилишича, улар орасида болалар ва аёллар ҳам бўлган.

Фаоллардан бири ҳам Дераанинг эски шаҳар қисмида оммавий қабр топилганини хабар қилган.

Хорижий журналистларнинг Сурияга киришлари таъқиқланган ва хабарларни мустақил манбаълардан тасдиқлаш имконсиз қолмоқда.

Айни пайтда ўтган тун бўйи қатор мамлакат бўйлаб қатор шаҳарларда аксилҳукумат намойишлари давом этган.

Дамашқ, Ҳомс, Ҳама ва Алеппода нотинчликлар кечгани ҳақида хабарлар бор. Ливан чегараси яқинидаги Тел Калах шаҳарчаси атрофида ўқ овозлари қулоққа чалинган.

'Оммавий қабр топилган ҳудуд ўраб олинган'

Сурияда аксилҳукумат намойишлари март ойидан бошланган ва Дераа ушбу намойишлар эпицентрига айланганди.

Ўтган ой Сурия хавфсизлик кучлари мамлакатда кечаётган нотинчликларни бостириш учун йирик амалиёт бошлашди. Ана шу ҳодисалар ортидан маҳаллий одамлар "Рейтерс" агентлигига шаҳар ташқарисида оммавий қабр топилгани ҳақида айтишган.

Уларга кўра, қабрда 62 ёшли киши, унинг 4 фарзанди, бир аёл ва яна бир гўдак дохил 13 инсоннинг жасадлари бўлган.

Суриядаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий Ташкилот раҳбари Аммар Қурабий ҳам ахборот агентликларидан бирига Дераанинг Муҳаммад ал-Сари Ҳилл ҳудудида оммавий қабр топилганини айтган.

"Улар шаҳарнинг эски қисмида оммавий қабр топганлар, бироқ расмийлар дарров ҳудудни ўраб олишган ва одамлар жасадларни қайта ковлаб олишларини олдини олишган. Айримлар жасадларни кейинроқ беришга ваъда қилинган", дейди Аммар Қурабий.

Фаолларга кўра, Президент Башар ал-Асад тузумига қарши икки ойдан ортиқ вақтдан бери давом этаётган норозилик чиқишларида Сурия бўйлаб 700дан ортиқ инсон ҳаётдан кўз юмган.

Ҳукумат эса, "қуролли террорчи тўдалар"ни таъқиб қилаётганини айтади. Сурия ҳукумати уларни аскарлар, хавфсизлик хизмати ходимлари ва полиция зобитларини ўлдиришда айблайди.