Ливия Нефт вазири мамлакатдан 'қочиб кетди'

Шукур Ғаним Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Шукур Ғанимнинг қочгани тасдиқланса, Қаддофий ҳукуматидан юз ўгирган иккинчи юқори мартабали расмий бўлади

Ливия Нефт вазири Шукур Ғаним мамлакатни тарк этган. Бундан олдин унинг ҳукуматга орқа ўгиргани хабарлар тарқалганди.

Тунис расмийларига кўра, собиқда бош вазир вазифасида ишлаган Ғаним жаноблари Жерба оролига кетишидан олдин Тунисга ўтган.

"Шукур Ғаним Ливияни тарк этди", деб айтган Тунис расмийси ахборот агентликларидан бирига. У жаноб Ғаним Жебадаги меҳмонхоналардан бирига йўл олгани, бироқ "Тунис ҳукумати билан алоқа боғлашга уринмагани"ни қўшимча қилган.

Ливиядаги исёнкорлар воизининг Би-би-сига айтишича, вазир ҳукуматдан воз кечган ва Оврўпо мамлакатларидан бирига йўл олган.

"Жаноб Шукур Ғаним қочиб кетди. Ўйлашимча, ҳозир у Оврўпо мамлакатларидан бирига келмоқда", дейди Ливия Ўтиш даври Миллий Кенгашининг Британиядаги воизи.

Ливия ҳукумати эса, воизи Муса Иброҳим эса, жаноб Ғанимнинг Тунисга расмий иш билан кетгани, аммо кейин Триполи у билан алоқани йўқотганини айтган.

Шунингдек, Нью Йорк Таймс газетасига гапирган жаноб Иброҳим ҳукуматнинг исёнкорларга қарши кураши "ҳатто, олий мартабали бўлса-да, алоҳида шахсларга боғлиқ эмас"лигини айтган.

Триполидаги Би-би-си мухбири Андрю Норснинг айтишича, агар Шукур Ғанимнинг қочиб кетгани тасдиқланса, у Ливия собиқ ташқи ишлар вазири Муса Кусадан кейин ҳукуматга орқа ўгирган навбатдаги энг юқори мартабали шахс бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ливия собиқ ташқи ишлар вазири Муса Куса 30 март куни Британияга қочиб келган

Феврал ойида қўзғолонлар бошланганидан бери қатор расмийлар Полковник Қаддофийни ташлаб кета бошладилар. Улардан энг таниқлиси собиқ ташқи ишлар вазири Муса Куса бўлган, у 30 март куни кутилмаганда Британияга қочиб келганди.

Бундан олдинроқ ички ишлар вазири Абдул Фаттоҳ Юнус Ал-Обидий ва Муҳаммад Обуд ал Жалил ҳамда қатор элчилар истеъфоларини эълон қилишди.

Уруш жиноятларига оид айбловлар

Жаноб Ғаним Ливия Миллий Нефт Корпорацияси раҳбари лавозимида ҳам ишлаган. Мазкур ҳодиса Халқаро Жиноят Маҳкамаси Полковник Қаддофий ва яна икки юқори мартабали расмийсини ҳибсга олиш буйруғини сўраши ортидан кузатилмоқда.

Луис Морено-Окампо Ливия раҳбари Муаммар Қаддофий, унинг ўғли Саиф ал-Ислом ҳамда хавфсизлик хизмати раҳбари Абдуллоҳ ал-Сануссий тинч аҳолига қарши "кенг қамровли ва мунтазам ҳужумлар"га масъул эканини айтганди.

Аммо, Халқаро Жиноят Маҳкамаси ҳакамлари ушбу сўров юзасидан ҳали ҳам бир тўхтамга келишмаган.

Ғарб ҳукуматлари Халқаро Жиноят Маҳкамаси Ливия расмийлари устидан текширувларини кенгайтиришига умид қилади.

Мухбиримизга кўра, текширувлар НАТО ҳаво ҳужумлари билан бир пайтда олиб бориларкан, бу янада кўпроқ ҳукумат расмийларининг Полковник Қаддофийдан юз ўгиришларига етаклаши мумкинлиги айтилади.

НАТО БМТнинг тинч аҳолини ҳимоя қилишга оид резолюцияси остида Ливия бўйлаб ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда.

НАТО кучлари яқиндан бери Триполидаги ҳарбийлик ва ҳарбий техника сақланадиган биноларга диққат қаратган.

Қуруқликдан ҳам жанглар давом этмоқда. Қизил Хоч ташкилотига кўра, сешанба куни Туниснинг Деҳиба шаҳарчаси атрофида 20тага яқин снаряд келиб тушган.

Исёнкорлар ва ҳукумат кучлари бир неча ҳафтадан буён Деҳиба-Вазин кесиш нуқтаси назорати учун жанг қилишмоқда. Бу муддат ичида назорат бир неча бор у қўлдан бу қўлга ўтиб турди.

Давлат матбуотига кўра, Тунис ҳукумати Деҳиба шаҳарчаси нишонга олинаётгани учун Триполига норозилик билдирган.

Сешанба куни Ливия давлат телевидениеси ҳукумат кучлари Мисрата яқинидаги соҳилда НАТО ҳарбий кемасига шикаст етказганини хабар қилган. Аммо, НАТО тарафи эса, бу даъволар "мутлақо ёлғон" эканини айтган.

Мисратанинг ўзида шифокорлардан бирининг Рейтерс ахборот агентлигига айтишича, сешанба куни кечган тўқнашувларда камида 7 инсон ҳаётдан кўз юмган. Ишонилишича, нобуд бўлганларнинг аксари исёнкорлардир.

Мисрата исёнкорларнинг мамлакат ғарбидаги асосий таянч нуқтаси ҳисобланади.