Россияда меҳнат муҳожирлари учун квота тартиби баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда

Россиядаги марказий осиёлик муҳожир ишчилар
Image caption Россия расмийларига кўра, Марказий Осиёдан келаётган меҳнат муҳожирлари катта қисми малакасиз ишчилардан иборат

Россия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги хорижийлар учун квота тартиби бекор этиш таклифига қарши чиққан.

Ушбу вазирлик юқори мулозимларига кўра, квотанинг бекор этилиши Россия иқтисодиёти ва фуқаролари учун фойда келтирмайди.

Ўтган ой Россия Федерал миграция хизмати Россияга визасиз келаётган хорижийлар учун квотанинг бекор этиш таклифини олдинга сурганди. Квота Россияга келаётган муҳожирлар учун қанча ишлаш рухсатномаси берилишини белгилайди. Россия соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги хорижийлар учун квотанинг бекор этилишига мутлақо қарши эканлигини билдирган.

Квота сақланиши тарафдорлари фикрларича, Россия кўпроқ чет элликлар эмас, ўз ички миграция имкониятидан фойдаланиши лозим.

Россия Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги тузган лойиҳа бўйича хорижийлар ишлаётган 35 фоиз иш ўринларни бошқа минтақаларда яшаётган россияликлар эгаллашлари лозим.

Квотани бекор этиш ё этмаслик масаласида, нафақат Россия Федерал вазирликлари, балки экспертлар орасида ҳам ягона фикр йўқ.

Москвадаги Халкаро миграция ташкилоти эксперти Наталья Власованинг фикрича, квота тартиби сақланиши ва механизми қайта кўриб чиқилиши зарур.

"Менинг фикримча, квота хорижий иш кучи ҳажмини назорат этувчи чора сифатида қолдирилиши керак. Лекин, шу қаторда квотанинг ҳозирги механизми тубдан ўзгартириш лозим. Россия меҳнат бозорида дефицит касбларга квота олиб ташланиши, кўп учрайдиган касбларга эса, аксинча, чеклов қолдирилиши керак. Бундан ташқари, Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарларда квота сақланиши мақсадга мувофиқ деб ўйлайман", дейди Наталья Власова.

Ўз навбатда Москвадаги Миграция масалалари бўйича тадқиқотлар маркази директори Елена Тюрюканова квота бекор этиш тарафдорларидан бири.

"Россия Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги расмийлари квота тартибини сақлаш билан миграция жараёнини назорат қилиш мумкин деган фикрда. Лекин, бу нотўғри фикр. Ноқонуний меҳнат муҳожирларининг кўпайишига квотанинг бирон бир алоқаси йўқ. Чунки, квота тартиби, аксинча ноқонуний муҳожирлар сонини кўпайтиришга шароит яратади" дейди эксперт Елена Тюрюканова.

Бутун Россия бўйича жорий йилда хорижийлар учун белгиланган квота 1 миллион 700 минг нафарни ташкил этади. Расмий маълумотларга биноан, жорий йилда Россияда 1 миллион 300 минг нафар хорижийга ишлаш рухсатномаси берилган.

Қирғизистонлик Алимардоннинг айтишича, квотанинг бор йўқлиги, меҳнат муҳожирларининг Россияга келишларига таъсир кўрсатмайди.

"Бизнинг фуқаролар, квота кам ё кўп ажратилганига қарамасдан тавакалига келаверишади. Чунки, Марказий Осиё республикаларида бу ҳақда аниқ бир маълумот берилмайди. Шунинг учун ҳам, бу ерга келиб, иш тополмай, жуда катта қийинчиликларга дуч келишади", дейди Алимардон.

Визасиз Россияга келаётган муҳожирлар ишлаш рухсатномаси олмасдан, патент асосида қонуний ишлашлари мумкин. Патент тизими 2010 йил 1 июлдан бошлаб кучга кирган. Патент асосида ишлаш учун меҳнат муҳожири ҳар ой 1000 рубл, яъни тақрибан 35 АҚШ доллари тўлаши лозим. Патент юридик ташкилотларда ишлаш ҳуқуқини бермайди.

Россия Федерал миграция хизмати идораси яқинда эълон этган рақамлар бўйича Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари сон жиҳатдан биринчи ўринга кўтарилган.

2010 йилда Россияга келган 5 миллион меҳнат муҳожиридан 1 миллиондан ортиғи Ўзбекистон фуқаролари ташкил этади. Иккинчи ўрин Тожикистон ва учинчи ўринни эса, Украина фуқаролари эгаллайди.

Россия расмийларига кўра, Марказий Осиё республикаларидан келаётган меҳнат муҳожирларининг катта қисми малакасиз ишчилардан иборат.