Президент Асад: 'Сурия кучлари намойишларни бостиришда хатоларга йўл қўйган'

Президент Асад

Сурия Президенти Башар ал-Асад норозилик намойишларини бостиришда хавфсизлик кучлари хатоларга йўл қўйганлигини тан олган.

Икки ойдан бери давом этаётган намойишларни бостириш жараёнида 800дан ортиқ инсон нобуд бўлгани айтилади.

Сурия газеталаридан бири билан суҳбатида Президент Асад минглаб полиция зобитлари қайта тайёрловдан ўтказилишини айтган.

Айни пайтда Тел Калах шаҳарчасидан Ливанга қочиб ўтган сурияликлар Би-би-си мухбирига бошларидан кечирганларини гапириб беришган.

Суриялик қочқинларга кўра, Тел Калах бир неча кундан бери ҳукумат кучлари қамали остида бўлган, улар қақшатқич зўравонликлар туфайли шаҳарчани ташлаб қочишган.

Сурияликларнинг билдиришларича, уларнинг уйлари ва қочишга уринган одамларга қарата ўқ узилган.

АҚШ ва Оврўпо Сурия ҳукуматини босимлар ошишидан огоҳлантирди

Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи аксилҳукумат намойишларини куч билан бостирилиши юзасидан Сурия ҳукуматига босим оширилиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Вашингтон ҳам, Брюссел ҳам ҳозиргача Президент Асаднинг шахсан ўзини нишонга олаётганлари йўқ

"Келажак кунлар ичида қўшимча амалларга қўл урамиз", деб айтган Қўшма Штатлар Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон.

У бу ҳақда Оврўпо Иттифоқининг энг юқори мартабали дипломати Кэтрин Аштон билан учрашувидан сўнг гапирган.

"Президент Асад ислоҳотлар ҳақида гапиради, аммо (намойишларнинг) шафқатсиз бостирилиши унинг ҳақиқий ниятини намойиш этади", дейди у.

"Агар Сурия ҳукумат ҳақиқатдан ҳам бизга айтаётганидек, қандайдир ўзгаришларни истаётган бўлса, буни ҳозир қилиши керак", деб айтган баронесса Аштон

Клинтон хоним ҳам, Кэтрин Аштон ҳам Дамашққа қарши навбатдаги чоралар қандай бўлишини очиқлашмаган.

Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи аллақачон Сурия Президенти Башар ал-Асад ҳукумати айрим юқори мартабали аъзоларига қарши санкциялар жорий этган.

Аммо, Вашингтон ҳам, Брюссел ҳам ҳозиргача Президент Асаднинг шахсан ўзини нишонга олаётганлари йўқ.