Талоқанда НАТОга қарши норозилик чиқишлари давом этмоқда

Толиқон
Image caption Сешанба куни намойишлар чоғи камида 12 киши отиб ўлдирилган

Афғонистон шимолидаги Талоқан шаҳрида юзлаб афғонлар иккинчи кундирки, НАТО рейдларига қарши норозилик намойишларини давом эттиришган.

Шаҳардан олинаётган хабарларга кўра, хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўт очган. Талофатлар ҳақида ҳозирча ҳеч нарса дейилмайди.

Талоқандаги аксил-НАТО намойишлари чоршанба куни бошланган ва камида 12 инсон отиб ўлдирилган. Одамлар чоршанбага ўтар кечаси Талоқан шаҳри яқинидаги минтақада НАТО томонидан амалга оширилган қуролли рейддан ғазабга минганлар. Рейд чоғи 4 инсон ҳаётдан кўз юмган.

НАТО ўлдирилганларнинг барчаси исёнкорлар эканини айтса, маҳаллий одамлар улар оддий аҳоли вакиллари бўлганларини таъкидлашади.

Президент Ҳомид Карзай НАТО рейдини қоралаган ва Афғонистон ҳукумати НАТОни қайта-қайта "бу каби масъулиятсиз амалиётлар" юзасидан огоҳлантирганини айтган.

Афғонистон ҳукуматига кўра, рейд НАТО тарафидан биртомонлама амалга оширилган. Бироқ, Афғонистондаги иттифоқчи бу афғон қўшинлари билан бирга уюштирилган қўшма амалиёт бўлгани ва бошланишидан олдин Таҳор вилояти ҳокими огоҳлантирилганини маълум қилган.

НАТО етакчилигидаги миссиянинг билдиришича, Талоқан четида амалга оширилган тунги рейдда икки аёл ва икки эркак ўлдирилган. Унга кўра, аёллар қуролланган бўлишган. Афғонистонда аёл исёнкорлар ҳақида хабарлар оз, аммо мутлақо йўқ, деб бўлмайди.

Би-би-си мухбирларига кўра, тунгги рейдлар одатда афғонларнинг қаттиқ норозилигига сабаб бўлади, лекин исёнкорлар қўмондонларини топиш ҳамда ўлдиришда самарали усул сифатида кўрилади.