Усама бин Лодин 'ўлимидан олдин ёзиб қолдирган' аудиоёзув тарқатилди

Аудиоёзув исломий вебсаҳифалар орқали тарқатилган Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Аудиоёзув исломий вебсаҳифалар орқали тарқатилган

"Ал-Қоида" Усама бин Лодин ўлимидан бироз олдин ёзилгани айтилган аудиоёзувни тарқатган.

Аудиоёзувда Усама бин Лодин Тунис ва Мисрда амалга оширилган инқилобларни олқишлаган ва буни мусулмонлар кўтарилишлари учун "камдан-кам кузатиладиган тарихий имконият" сифатида таърифлаган.

12 дақиқалик аудиоёзув исломий вебсаҳифаларда видео билан бирга тарқатилган ва уни Қўшма Штатлар жосуслик агентлиги таржима қилган.

Бин Лодин 2 май куни Покистонда Америка махсус кучлари тарафидан ўлдирилганди.

'Ал-Қоида'нинг янги раҳбари ким?

Айни пайтда "Ал-Қоида" Усама бин Лодиннинг ўрнига мисрлик собиқ полковник Сайф Одилни муваққат раҳбар этиб тайинлагани хусусида гап-сўзлар тарқалган.

Сайф Одил бир пайтлар Бин Лодиннинг хавфсизлик бўйича ўнг қўли бўлган. Унинг 1998 йил Африка шарқидаги АҚШ элчихонасига қарши бомба ҳужумида иштирок этгани, 1993 йил Могадишуда 18 нафар Америка ҳарбийсини ўлдирган сомалилик қуроллиларни тайёрловдан ўтказгани ва 2001 йил 11 сентябр ҳужумчилари баъзиларига кўрсатмалар бергани гумон қилинади.

Сайф Одил Афғонистонни 2003 йил, Қўшма Штатлар етакчилигидаги ҳарбий амалиётлар ортидан тарк этган. Хабарларга кўра, у Эронга қочиб борган ва Теҳрон яқинида уй қамоғида сақланган. Сайф Одил ўтган йил охирида уй қамоғидан озод қилинган ва Покистон шимолига йўл олган бўлиши мумкинлигига оид хабарлар бор.

Баъзи Ғарб шарҳловчилари унинг "Ал-Қоида"га раҳбар этиб тайинланганига ишончсизлик билдиришган. Яна бир мисрлик, Бин Лодиннинг узоқ муддатли ўринбосари Айман Завоҳирий "Ал-Қоида"га раҳбарлик учун биринчи сафда бўлгани тахмин этилади.

'Жиддий чорраҳалар'

Аудиоёзувда Бин Лодин Тунис ва Мисрдаги инқилобларга тўхталган, бироқ Сурия, Ливия ва Ямандаги қўзғолонларни тилга олмаган.

"Оллоҳнинг изни билан, бутун мусулмонлар дунёсига ўзгариш шамоллари эсади, деб ўйлайман", дейди у.

"Олдингизда жиддий чорраҳалар ва мусулмон умматлар кўтарилишлари ҳамда ўзингизни ҳукмдорлар қўли остидаги қулликдан, инсон яратган қонунлар ва Ғарб ҳукумронлигидан қутқариш учун камдан-кам кузатиладиган тарихий имконият турибди", дейди у.

"Шундай экан, нимани кутяпсиз? Ўзингиз ва болаларингизни қутқаринг, чунки имконият шу ерда", дея давом этган Усама бин Лодин.

Таҳлилчиларга кўра, "Ал-Қоида" ҳам, Ғарб ҳам араб дунёси бўйлаб кечаётган норозилик чиқишларини дастаклайди. Аммо, улар ўта фарқли натижаларни кутишади.

Ғарб ушбу қўзғолонлар демократик ислоҳотларга етаклашига умид қилса, "Ал-Қоида" ўзи талқинидаги Исломий қонунлар асосида янги ҳукуматлар қудратга келишини истайди.