Сурияда жума намози ортидан янги аксиҳукумат намойишлари кузатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Жума намози ортидан Суриянинг аксарият ҳудудларида яна оммавий намойишлар кузатилди.

Айрим минтақаларида хавфсизлик кучларининг намойишчиларни ўққа тутганликларига оид хабарлар бор.

Тасдиқланмаган баъзи хабарларга кўра, отишмалар сабаб камида беш киши қурбон бўлган.

Улардан бир қанчасининг Дамашқ шимолидаги Ҳомс шаҳридан эканликлари айтилади.

Аён бўлишича, Сурия бўйлаб кузатилган янги намойишлар тўлқини жума намози тугаши ортиданоқ бошланган.

Айрим ҳудудларда хавфсизлик кучлари намойишчиларга қаршилик кўрсатишмаган.

Аммо бошқаларида одамлар масжиддан чиқишлари заҳоти уларни куч билан тарқатиб юборишган.

Баъзи бир намойишчиларга кўра, ўт очмаслик буйруғини олган бўлишса ҳам, хавфсизлик кучлари ўзларига қарата ўт очишган.

Сурия Қуролли кучлари ва ҳарбийлари томонидан олиб борилган йирик амалиётларга қарамай, энг йирик норозилик намойишлари қирғоқбўйидаги Банияс шаҳрида кузатилгани айтилади.

Бошқа бир хабарларга кўра, мамлакатнинг шарқий ҳудудларида бир қанча полиция машиналари ва бошқарувдаги "Баас" партиясининг маҳаллий идорасига ўт қўйилган.

АҚШ Президенти Барак Обама кеча Давлат департаментида қилган чиқишида Сурия раҳбари Башар ал-Ассаднинг ихтиёрида иккита танлов борлиги: Ё демократик ислоҳотларга бошчилик қилиши ёки йўлдан қочиши лозимлигини айтганди.

Жаноб Обамага кўра, Сурия ҳукумати намойишчиларни ўққа тутишни бас қилиб, тинч намойишларга рухсат бериши лозим.