Сўнгги янгиланиш 22 май 2011 - 10:33 GMT

Афғонистон шарқидаги полиция идораси ҳужумга тутилди

Афғонистон расмийларига кўра, автомат қуроллар кўтариб олган худкуш ҳужумчилар мамлакат шарқидаги ҳукумат биноларини ҳужумга тутишган.

Дастлабки хабарларга кўра, танасига портловчи воситалар боғлаб олган қуроллилар Хост шаҳридаги полиция идорасига йўл солган.

Полициянинг маълум қилишича, хавфсизлик кучлари қароргоҳни ўраб олишган ва қуролли жанг бошланган. Афғонистон хавфсизлик кучларига кўра, жангларда камида 4 жангари ўлдирилган. Оғир қуролланган жангарилар билан жангда 4 полиция ходими ва оддий аҳоли вакилларидан бир киши ҳам нобуд бўлган .

Хост вилояти ҳокимига кўра, тўқнашув 8 соатча давом этган.

Ушбу ҳужум Кобулда камида 6 инсоннинг умрига зомин бўлган худкушлик амалиётидан бир кун ўтиб уюштирилган. Хост вилоятидаги армия қўмондонига кўра, ҳодиса тонг чоғи юз берган.

"Якшанба куни маҳаллий вақт билан 05:00да уюштирилган", деб айтган Генерал Роз Муаммад Ўрёхил.

Унинг айтишича, жангарилар бинонинг иккинчи қаватига чиқиб олишган ва ташқаридаги полиция ҳамда армия кучларини нишонга олишган.

Яна бир хабарда вилоят полиция хизмати раҳбари ҳужумда уч полиция зобити ҳалок бўлганини айтган.

Бошқа бир расмий эса, қуроллар таналаридаги портловчи воситаларни ишга солишларини олдини олишга ҳаракат қилинганини айтган.

Шанба кунги худкушлик ҳужуми энг йирик ҳарбий касалхонада тиббиёт талабалари тушлик қилаётган чодир ичкарисида уюштирилган.

Ҳарбий шифохонада фақат ҳарбийлар даволанишига қарамай, полициянинг айтишича, ҳужумдан жабр кўрганлар барчаси оддий аҳоли вакиллари ва тиббиёт талабалари бўлишган.

Ҳужум масъулиятини Толибон ўз зиммасига олган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.