Сўнгги янгиланиш 23 май 2011 - 09:27 GMT

'Қўшма Штатлар Бин Лодин йўқ қилинганига ўхшаш амалиётни яна такрорлаши мумкин'

Президент Обама агар Покистонда яна бирон бир жангарилар раҳбари топиладиган бўлса, Усама бин Лодиннинг ўлдирилганига ўхшаш амалиётга буйруқ бериши мумкинлигига ишора қилган.

Унга кўра, Қўшма Штатлар Покистон суверен давлат эканини эътибордан соқит қилгани йўқ, бироқ Америка "айрим эҳтиёт чоралари кўрмаслик натижасида фаол режаларнинг муваффақиятли кечиши"га изн беролмайди.

АҚШ махсус кучлари 2 май куни Покистоннинг гарнизон шаҳарчасида Усама бин Лодинни ўлдиришлари икки иттифоқчи давлат ўртасидаги муносабатларнинг таранглашувига олиб келди.

Президент Обама бу ҳақда Би-би-сига Оврўпога режаланган расмий сафари олди гапирган.

'Покистон суверенитетини ҳурмат қиламиз'

"Агар "Ал-Қоида"нинг энг юқори мартабали раҳбарларидан бири ёки Толибон раҳбари Мулла Умар Покистонда ва ё бошқа бир суверен давлатда экани аниқланадиган бўлса, нима қилган бўлардингиз", деган саволга Обама жаноблари шароит талаб қилса, Қўшма Штатлар биртомонлама иш тутиши мумкинлигини айтган.

"Бизнинг ишимиз Қўшма Штатлар хавфсизлигини таъминлашдир", деб айтган Америка Президенти Би-би-си билан суҳбатда.

"Биз Покистон суверенитетини жуда ҳурмат қиламиз. Аммо, кимдир бизнинг ё-да, иттифоқчиларимиз халқини ўлдиришни фаол режалаётган бўлса, бунга изн беролмаймиз", дейди жаноб Обама.

"Биз бу каби фаол режалар баъзи чораларни кўрмаслигимиз туфайли муваффақиятли кечишига йўл қўя олмаймиз".

Таранг муносабатлар

"Ал-қоида" раҳбари Бин Лодин Қўшма Штатлар махсус кучлари тарафидан ўлдирилди. Улар Усама бин Лодиннинг Покистон асосий ҳарбий ҳарбий академиялари жойлашган Абботтабад шаҳарчасида яшаб турган уйига ҳужум қилдилар.

Бин Лодиннинг у ерда яшаётгани Покистон ҳарбийларини уятли, ўнғайсиз аҳволда қолдирди. Айни ҳолат Усама бин Лодин Покистон хавфсизлик кучлари айрим аъзолари ҳимоясидан баҳраманд бўлгани борасидаги шубҳа-гумонларнинг қайта жонланишига хизмат қилди.

Расмий Исломобод бу каби даъволарни қатъиян рад этган ва Қўшма Штатлар ўтказган амалиётни мамлакат суверенитетига тажовуз сифатида баҳолаганди.

Ой бошларида Покистон парламенти томонидан маъқулланган резолюцияда мамлакат "бу каби ҳатти-ҳаракатларга ортиқ тоқат қилмаслиги ҳамда биртомонлама чора-тадбирларнинг такрорланиши минтақа ва дунё тинчлиги ва хавфсизлиги учун даҳшатли оқибатларга етаклаши" айтилади.

Покистон қўшни Афғонистонда жангариларга қарши урушда йирик иттифоқчи вазифасини бажариб келган.

Аммо, АҚШ-Покистон муносабатлари чегара ҳудудлардаги жангариларнинг учувчисиз учоқлар воситасида нишонга олиниши оридан ҳам ёмонлашганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.