Миср: Ҳусни Муборак ва унинг ўғиллари маҳкамага тортилади

Муборак оиласи

Миср адлия идораларидаги манбаларга кўра, собиқ президент Ҳусни Муборак ва унинг икки ўғли устидан аксил-ҳукумат намойишчилари ўлими юзасидан маҳкама бўлиб ўтади.

Феврал ойида президентликдан четлатилган жаноб Муборак Шарм аш-Шайх оромгоҳидаги ҳарбий шифохонада даволанмоқда.

У ва унинг хотини шунингдек ўттиз йил давомида ноқонуний бойлик тўплаш айбловларига ҳам юз тутади.

Уларнинг икки ўғли Алаа ва Гамал ҳозирда Қоҳирадаги Тора қамоқхонасида ушлаб турилибди. Улар ҳам пулни ноқонуний ўзлаштириш айбловига рўбарў бўлишади.

Миср Бош прокурори намойишчилар ўлими юзасидан маҳкама ўтказиш талаби билан баёнот чиқарди, дея хабар беради Миср давлат ахборот агентлиги.

Жума куни намойиш ўтказган мисрликлар Ҳусни Муборак устидан маҳкама ўтказиш ва мамлакатда фавқулодда вазиятга оид қонунни бекор қилишни талаб қилганлар.

Музлатилган банк ҳисоблари

83 ёшли собиқ президент апрел ойида юрак хуружи билан Шарм аш-Шайхдаги ҳарбий шифохонага ётқизилган эди.

Ҳусни Муборак ва унинг аёли Сюзанне аллақачон ноқонуний бойлик тўплаш айби билан сўроқ қилинмоқда.

Мисрдаги ислоҳотчиларнинг ишонишича, Муборак хонадони қудратда экан ўнлаб миллиард доллар бойлик тўплаган.

Муборак оиласи буни рад этган ва ҳозирга қадар уларга нисбатан илгари сурилган айбловларга боғлиқ жиддий исбот-далиллар жамоатчиликка ошкор этилмаган. Бироқ Муборак оиласига тегишли Миср ва Швейтсариядаги банк ҳисоблари музлатилган.

Феврал ойида юз берган ғалаёнлардан буён Муборакнинг 20 дан ортиқ вазирлари ва унга яқин бўлган бизнесменлар ҳибсга олинган.

Шу ой аввалроқ собиқ Ички ишлар вазири Ҳабиб ал-Адлий пулни ювиш ва ноқонуний бойлик тўплашда айбдор деб топилиб, 12 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Адлийга нисбатан яна армияга намойишчиларга қарата ўт очиш буйруғини бериш айблови ҳам қўйилган. Ушбу айблов исботланса, собиқ Ички ишлар вазири ўлим жазосига ҳукм этилиши мумкин.