Ливия: НАТО Триполига ҳаво ҳужумларини кучайтирди

Триполига ҳаво ҳужуми

НАТО учоқлари Ливия пойтахти Триполига қатор ҳаво ҳужумларини уюштиришди.

Мухбирлар сўзларига кўра, ушбу ҳужумлар Ливиядаги амалиётларнинг энг йириги бўлиши мумкин.

Баъзи зарбалар афтидан Ливия раҳбари полковник Муаммар Қаддофийнинг Боб ал-Азизия саройини нишонга олган.

Аввалроқ Франса ҳаво ҳужумларини кучайтириш учун тикучарлар сафарбар этишини эълон қилган эди.

НАТО Қаддофий ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракат бошланиши ортидан БМТ томонидан қабул қилинган оддий фуқароларни ҳимоя қилиш ҳақидаги резолюцияга риоя этишга ҳаракат қилаётганини айтади.

Қуюқ тутун

Сешанбага ўтар кечаси 12 тадан 20 тага қадар портлашлар юз бергани хабар қилинади.

Триполида бўлган Би-би-си мухбири Эндрю Норснинг айтишича, илк портлашлар Боб ал-Азизия саройи атрофида ва кейингилари шаҳарнинг бошқа нуқталарида кузатилган.

Унга кўра, журналистлар турган меҳмонхона баъзи портлашлардан ларзага келган.

“Ҳар бир портлаш ортидан ҳавода НАТО учоғи овозини эшитиш мумкин эди,” дейди Эндрю Норс.

Боб ал-Азизия саройи томондан қуюқ тутун осмонга кўтарилган ва учоқларга қарата отилган замбарак ўқлари овозлари эшитилган.

Ливия ҳукумати сўзчиси Муса Иброҳим ҳаво ҳужумларида уч одам ҳалок бўлгани ва 150 киши яраланганини маълум қилган.

Жаноб Муса Ливия армиясига қўшилишни истаган кўнгиллилар турган бўлинма нишонга олингани, аммо қурбонларнинг аксари атроф ҳудудда яшаган оддий одамлар бўлганини айтган.

Ливия ҳукумати сўзчисининг баёнотини мустақил манбадан тасдиқлатиб олишнинг имкони йўқ.

Би-би-си мухбирининг айтишича, уни кўнгиллилар турган бўлинмага эмас, балки ҳаво ҳужумларида жароҳат олгани айтилган одамларни кўрсатиш учун шифохонага олиб борганлар.

Унинг айтишича, одамлар полковник Қаддофийни қўллаб-қувватлаб кўчаларга чиққанлар.

Ҳаво ҳужумларидан олдинроқ Франса Мудофаа вазири Жерард Лонгует Франса НАТОнинг Ливиядаги амалиётини дастаклаш учун тикучарлар йўллаётгани ҳақидаги матбуот хабарларини тасдиқлаганди.

У Британия ҳам тикучарлар жўнатишини маълум қилган. Жерард Лонгует шунингдек икки мамлакат тез орада қўшимча кучлар йўллашини айтган.

Британия ушбу хабарни ҳозиргача тасдиқлагани йўқ.

Исёнкорлар дипломатияси

Аввалроқ Франсада нашр этилувчи Le Figaro газетаси 17 май куни Франсанинг Тоннере учоқ ташиш кемасида Ливияга 12 та тикучар юборилганини хабар берганди.

Тикучарлар ердаги ҳадафни учоқларга нисбатан аниқроқ нишонга олади.

Франса томонидан қўшимча тикучарларнинг жўнатилиши полковник Муаммар Қаддофий кучларига босимларни кучайтиради.

Би-би-сининг мудофаа масалаларида мухбири Кэролайн Вайатга кўра, ҳужумларда тикучарларнинг ишга солиниши Ливияга қарши бошлатилган ҳарбий кампаниянинг сезиларли даражада кучайганини англатади.

Унинг айтишича, Британиянинг “Апачи” ҳарбий тикучарлари Ливияга Қироллик Денгиз Кучларининг энг йирик уруш кемасида олиб борилади.

НАТО учоқлари полковник Қаддофийнинг ҳарбий инфратизилмаларини ҳадафга олган эсада, урушни тўхтата олмади.

Исёнкорлар Ливия шарқини, полковник Қаддофий кучлари эса мамлакат ғарбидаги аксар аҳудудларни назорат этмоқда.

Муаммар Қаддофий ҳокимиятига қарши қуролли исён шу йил февралида Тунис ва Мисрда юз берган ғалаёнлар ортидан бошланди.

Айни дамда АҚШ юқори дипломати исёнкорлар билан учрашиш учун Ливияга йўл олмоқда.

АҚШ Давлат котибининг муовини Жеффрей Фелтман Бенғози шаҳрида исёнкорлар билан мулоқот ўтказади.

Қўшма Штатлар полковник Қаддофийдан истеъфога чиқишни талаб қилган эсада, ҳозирга қадар исёнкорлар маъмурияти – Муваққат Миллий Кенгашни тўлиқ эътироф этгани йўқ.